Бугундан субсидияга ариза бериш бошланди

Бугун, 10 июлдан бошлаб Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича субсидиялар учун ариза қабул қилиш қайтадан очилди.
Бунда субсидия хабарномаларининг фойдаланилмаган қисми учун шартномалар берилади. Аризаларни соат 9:00 дан бошлаб юбориш мумкин. Бунинг учун давлат хизматлари марказларига бевосита борган ҳолда ёки my.gov.uz орқали мустақил равишда ариза топшириш керак.
Субсидия ажратишда ижтимоий мезон ишлаб чиқилган. Бунда аризачилар бир нечта мезонлар бўйича балл тўплаши мумкин.
Ойлик маошга қараб ҳудудларда (Қорақалпоғистон ва вилоятлар) қуйидагича балл берилади:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭКМ) нинг 2,7 баробаридан 7 баробаригача ёки 3118500 сўмдан 8085000 сўмгача — 10 балл;
- МҲТЭКМнинг 7 баробаридан кўп ва 8 баробаригача ёки 8085000 сўмдан 9240000 сўмгача — 5 балл.
Бутун мамлакатда ариза берувчи ёки унинг оиласига тегишли мулк ёки турар-жой бўлмаслиги — 20 балл.
"Лабор-миграцион" дастурида рўйхатдан ўтган меҳнат мигранти — 10 балл.
Олис ёки чекка ҳудудларда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи мутахассислар, тиббиёт ходимлари — 5 балл.
30 ёшгача бўлган ёшлар — 5 балл.
Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар (ажрашган, бева ёки ёлғиз оналар) — 5 балл.
“Тиббий ижтимоий экспертиза” тизимидан рўйхатдан ўтганлар — 5 балл.
Субсидия қанча миқдорда берилади?
2024 йилдан бошлаб янги уйлар учун ипотека кредитларига субсидиялар қатъий белгиланган 30 миллион сўм миқдорида тўлаб берилмоқда.
Талабгор хоҳиши билан субсидия қуйидаги тартибда ҳам тўланиши мумкин:
- дастлабки тўловнинг бир қисмини қоплаш учун — ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида;
- фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун — кредит муддатининг биринчи 5 йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига.
Ўзбекистонликларга субсидия асосида ипотека кредити Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 330 млн, Тошкент шаҳрида эса 420 млн сўмгача берилади.
Агарда дастлабки тўловнинг бир қисмини қоплаш танланадиган бўлса, 50 миллион сўмгача субсидия олиш мумкин бўлади.
Субсидия бериш яна қай ҳолатда рад этилади?
- тақдим этилган аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;
- тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;
- илгари имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда субсидия олганлар (аввал олинган уй-жой бошқа шахсга бегоналаштириб юборилган тақдирда ҳам) такрорий мурожаат этганда;
- жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда.
Шундай қилиб, my.gov.uz порталига кириб, “Ипотека кредитига давлат субсидиясини олишга ариза бериш” хизмати орқали ариза топширишингиз мумкин.