"Даҳшатли якун": Украинада мамлакат бўлиниш режаси эълон қилинди

Раданинг собиқ депутати Евгений Мураев "Украина-24" телеканали эфирида, агар мамлакатда янги кенг кўламли норозиликлар бошланса, Украина ҳудуди қўшни давлатлар ўртасида бўлиниши хавфи борлигини айтди.

Сиёсатчи, назоратсиз "кўча демократияси"га салбий муносабатда эканлигини, чунки Украина "учинчи Майдан"дан омон қолмаслиги мумкинлигини таъкидлади.

"Бизга Польша кўз тикмоқда, у адолат ва Галичина (Украина ғарбида)ни олишни истайди. Венгрияликлар Закарпатьега, руминлар Измайлга сармоя киритмоқда. Гарчи Европа Иттифоқининг энг қашшоқ давлатларидан бўлса-да, бизнинг ҳудудимизга сармоя киритмоқда. Чунки улар бу ҳудуд уларники бўлишига ишонади. Россия ва Беларусь ҳам ўз баҳосини айтди. Хуллас, агар бизда глобал қарама-қаршилик бошланса, шунчаки бўлиниб кетамиз", - деди Мураев.

Собиқ депутат, шунингдек, "чексиз даҳшатдан даҳшатли якун яхшироқ" деб ўйлаётган украиналикларга мурожаат қилди. Мураев бундай позиция ўнлаб йиллар давом этувчи ўтиш даврига олиб келишини таъкидлаб, тан олинмаган Косоводаги вазиятни мисол келтирди.