Учрашувлар давом этмоқда: Трамп – Зеленский, Уиткофф – Путин
Кеча Владимир Зеленский ва Доналд Трамп Давосда, Жаҳон иқтисодий форуми (Швейцария) доирасида учрашдилар. Учрашув бир соат давом этган.
Украина президенти идорасида музокаралар «яхши ўтгани» маълум қилинди.
Дональд Трамп ҳам суҳбатни муваффақиятли деб баҳолаб, Путинни урушни якунлашга чақирди.
Шу билан бирга, Financial Times нашри Зеленский ва Трамп ўртасидаги музокаралар аниқ натижасиз якунланганини ёзади. Нашрга кўра, Зеленский урушдан кейинги тикланиш ёки хавфсизлик кафолатлари бўйича келишувга эриша олмаган. Олдиндан америкалик амалдорлар билан келишилган ҳужжатлар якунда тасдиқланмаган. Зеленский Трампдан Украинага қўшимча мажбуриятлар олишга уринган, бироқ учрашувдан сўнг Трамп Давосни ҳеч қандай келишувсиз тарк этган.
Axios нашри эса бу учрашувни икки президент ўртасидаги энг яхши суҳбатлардан бири деб атайди.
Financial Times ёзишича, АҚШ ва Украина Россияга энергетик сулҳ таклиф қилишни режалаштирмоқда. Бу схемага кўра, Россия Украина энергетика инфратузилмасига зарбаларни тўхтатади, Украина эса Россия нефть қайта ишлаш заводлари ва «соя флоти» танкерларига ҳужум қилмайди.
Зеленский тегишли ҳужжатлар «деярли тайёр» эканини билдириб, музокараларни самарали деб атади. Трамп АҚШ вакилларининг яқин орада Путин билан учрашишини маълум қилди. Зеленский эса Россия, Украина ва АҚШ ўртасида уч томонлама музокаралар режалаштирилаётганини айтди.
Шунингдек, кеча Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Путин билан музокаралар ўтказиш учун Москвага келган. Кремлда ўтган Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ўртасидаги музокаралар тахминан тўрт соат давом этган. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, музокаралар конструктив ва «ниҳоятда очиқ» ўтган, учрашув эса «ҳам Россия, ҳам АҚШ учун фойдали» бўлган. Аммо ҳудудий масала ҳал этилмас экан, узоқ муддатли келишувга умид қилиб бўлмайди, дейди Ушаков.
Томонлар бугун Абу-Дабида Россия, АҚШ ва Украина иштирокида хавфсизлик масалалари бўйича уч томонлама ишчи гуруҳнинг илк йиғини ўтказилишига келишиб олди.