Давлат раҳбарининг ҳар бир қарори турмушимизнинг янада яхшиланишига туртки бўлмоқда

Одатда давлат ҳокимияти учга бўлиниши, бундай қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар билан бирга суд ҳокимияти ҳам тенг кучга эгалиги одамларнинг эътиборидан четда қолади. Муҳими, суд ҳокимияти бошқа икки ҳокимият органидан фарқли ўлароқ адолатни таъминлашга хизмат қилиш кераклигига айрим вақтларда шубҳа туғилаётганини кузатиш мумкин.

Тан олиб айтиш керакки, бунга ҳам объектив ва субъектив сабаблар бор, албатта. Мисол учун, тизимда йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар собиқ иттифоқ даврида маъмурий буйруқбозлик тизимини бирмунча ўзгартирди. Судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман, одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси, сиёсий иродаси билан бу борада жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, биргина суд органлари фаолиятини бугунги кун талаблари даржасида ташкил этиш борасида фақатгина жорий йилнинг ўзидаёқ қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатлар билан танишар экансиз, биринчидан, суд органлари ходимлари учун кўриб чиқилаётган ишларнинг фақат адолат тарозиси билан ўлчашдан бошқа йўлга ўрин қолдирилмаётганига гувоҳ бўласиз.

Президентимиз фаолиятини бошлаганларидан буён такрор-такрор айтиб келаётган давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклиги ҳақидаги ғоя ҳар бир ҳужжатга сингдирилмоқда. Буни давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори мисолида ҳам кўриш мумкин.

Негаки, қарорда белгиланган биринчи масала - интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш. Бу қайсики, пандемия шаротидан келиб чиққан хулосалар билан боғлиқ бўлса, асосийси, суд билан боғлиқ жараёнда бюрократияни йўқотиш, инсон омилига ўрин қолдирмаслик, одамларимизга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун замонавий имконият яратишдан иборат. Яъни, энди чекка ҳудудда яшовчи фуқаро судга оид ишларни вақт ва маблағ йўқотмасдан масофадан ҳал қилиши талаби қўйилди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилинади. Бундан ташқари, 2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилади.

Умуман, 2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.

Энди судга иши тушган жисмоний ёки юридик шахс унинг адвокати томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этади. Ўз навбатида, мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб боришига ҳам имконият яратилади.

Шунингдек, суд мажлиси иштирокчилари томонидан ҳам маълумотлар ва ҳужжатлар электрон шаклда юбориладиган бўлади. Демак, у хоҳ даъвогар бўлсин, хоҳ жавобгар суд мажлисига қадар кимнидир изламайди, кутмайди, турли тушунмовчиликлар билан асабини бузмайди.

Бундан ташқари, Олий суд жорий йил якунига қадар суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобиль дастурни ишлаб чиқиб, уни амалиётга жорий этади. Бу табиийки, суд мажлиси иштирокчилари турли режаларини ўзгартиришига ўрин қолдирмайди. У масофада туриб ҳам суд мажлисида иштирок этиши, тегишли кўрсатмани бериши мумкин бўлади.

Дарвоқе, фуқаролар учун яратилаётган яна бир қулайлик шундаки, энди муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумот ва ҳужжатлар судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олинади.

Қарор билан белгиланган кейинги вазифа ва топшириқ электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш бўлди. Яшириб нима қилдик, юртимизда ривожланган давлатларда бўлгани сингари идоралараро электрон ахборот алмашиниш тизими йўқ.

Қарорда қайд этилганидек, бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилмоқда. Шу боис Президентимиз эскича, қоғозбозлик билан иш юритиш услубини янгича, замонавий тизимда қуриш талабини қўйди. Бу вазифани амалга ошириш ҳам биринчидан, вақт ва харажатлар қисқаришига хизмат қилса, ўз навбатида, судларда кўриб чиқилаётган ишнинг тезкор ҳал этилиши, қабул қилинаётган ҳужжатлар сифатли бўлишини таъминлайди.

Бунинг учун биринчи навбатда, 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улайди.

Албатта, амалга оширилаётган янгиликлар, хусусан, суд органлари фаолиятининг рақамлаштирилаётгани, аввало судялар саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитишни тақозо этади. Бунинг учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари томонидан амалга оширилади.

Олим ҲАЙИТОВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқад вилояти суди раиси.