Давронбек Жуманиёзов: Вилоятдаги барча шифохоналарда беморлар зарур озиқ-овқат билан таъминланмоқда
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзов Самарқанд шаҳрига транспортда кириш ва чиқиш тўхтатилганини инобатга олиб, айни пайтда вилоят шифохоналарида даволанаётган беморларнинг аҳволидан яқинлари безовта бўлмасликларини сўради.
Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг 2020 йил 17 мартдаги “СOVID-19 коронавирус инфекциясининг республика ҳудудида тарқалишининг олдини олиш, касалликни тўғри ташхислаш ва даволаш жараёнида профилактик чеклов тадбирларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, беморларни кўргани келган ва бошқа бегона шахсларнинг даволаш-профилактика муассасаларига кириши, беморларнинг ташхислаш-даволаш ишларига боғлиқ бўлмаган шахслар билан тўғридан-тўғри мулоқотлари тақиқланди. Мазкур қарор эълон қилинганидан бошлаб шифохоналарда беморларнинг яқинлари киритилмаслик тартиби жорий этилди.
Шунинг учун айни пайтда вилоятдаги барча шифохоналар, туғруқхоналардаги беморлар зарур дори-дармон ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминланган. Беморлар ортидан яқинлари келиши шарт эмас. Айни пайтда Самарқандга кирувчи ва чиқувчи йўллар ҳам ёпилганини инобатга олиб, туманлардан келган беморларнинг яқинлари безовта бўлмасликларини сўраб қоламиз. Вилоят шифохоналарида уларнинг даволаниши ва овқатланиши учун барча шароитлар яратилган.
Айни пайтдаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг иложи борича уйларидан чиқмасликлари, ўз ҳудудидаги оилавий поликлиника ва 103 хизматлари орқали шифокорларни уйларига чақиришларини тавсия этаман.
Ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг. Айни пайтда уйдан чиқмаслик Сиз ва яқинларингиз саломатлиги учун жуда муҳим!