Озиқ-овқат хавфсизлиги: Унинг моҳияти нимада?
Ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар озиқ-овқат етиштириш борасида олиб бораётган самарали фаолиятга қарамасдан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ўсишидан орқада қолмоқда, бу эса қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун етарли шароит мавжуд бўлмаган мамлакатларда муаммо тобора чуқурлашиб бораётганини кўрсатмоқда.
Ер юзида аҳоли сонининг ўсиши, иқтисодий тангликлар, глобал иқлим шароитининг ўзгариши ва бошқа омиллар сабабли инсониятнинг озиқ-овқат маҳсулотларига талабини қондириш тобора қийинлашмоқда.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунёда 840 миллион дан ортиқ киши, яъни деярли ҳар 8 одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти.
Энг сўнгги тадқиқотлар эса сайёра аҳолисининг 30 фоизидан зиёди тўйиб овқатланмаслик оқибатида энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосидан азият чекаётганлигини, 52 мамлакатда очликнинг «жиддий», «хавотирли» ва «фавқулодда жиддий» даражалари қайд этилганини кўрсатмоқда.
Бунинг оқибатида дунёдаги 160 миллиондан ортиқ болада бўй ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланиш билан боғлиқ жиддий камчиликлар кузатилмоқда. Кейинги уч йилда эса ушбу кўрсаткичларнинг салбий томонга ўзгараётгани қайд этилмоқда. Ўзбекистонда сўнгги йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида жуда катта ютуқлар қўлга киритилди, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажми икки баробар ортди.
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини барқарор ривожлантириш, фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаётини яхшилаш, мамлакат мустақиллигини барқарор сақлашнинг асосий йўналишларидан бирига айланди.
Мазкур йўналишда республикамизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича стратегик жиҳатдан мақсадли ҳамда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда йилига 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. Сўнгги йилларда 800 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш сиғимларига эга бўлинди. Бироқ бу эндиликда эҳтиёжимизга камлик қилади. Агар ишлаб чиқарган маҳсулотларни сақлаш камида 10 фоизга етказилса, халқимизни йил давомида бир маромдаги нархларбоп озиқ-овқат билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади.
Озиқ-овқат хавфсизлигини ҳал этишда бир қатор қийинчиликлар мавжудлигига қарамай, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатдан мунтазам ошириб бориш ва шу орқали озиқ-овқат таъминотини мустаҳкамлаш борасида салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда.
Хусусан, 2023 йилда белгиланган кўрсаткичларга эришиш мақсадида 4 миллион гектар (+358 минг гектар), шундан 2,5 миллион гектар асосий, 214 минг гектар боғ-ток қатор ораси, 424 минг гектар лалми ва 903 минг гектар такрорий майдонларда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш белгиланган.
Мазкур майдонлардан 8,1 миллион тонна бошоқли дон, 528 минг тонна шоли, 579 минг тонна дуккакли, 345 минг тонна мойли ўсимликлар, 12,2 миллион тн сабзавот, 2,5 миллион тонна полиз, 4,1 миллион тонна картошка, 3,1 миллион тонна мева ва 2 миллион тн узум етиштирилиши прогноз қилинди.
Шунингдек, ҳудудларда дала четларига 71 минг фермер хўжаликлари томонидан жами 59 минг гектар, шундан 35 минг гектар 121 миллион дона тут, ток, терак, мевали кўчатлар ҳамда 24 мингга гектар полиз, сабзавот ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ишлари якунланди.
Чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар натижасида йил якунига қадар қорамоллар сони 14,4 миллион бошга, қўй-эчкилар 24,3 миллион бошга етказилиб, 2,9 миллион тонна гўшт (тирик вазнда), 12,2 миллион тонна сут, 9 миллиард дона тухум, 650 минг тонна балиқ ва 31 минг тонна асал ишлаб чиқариш прогноз қилинган.
Жорий йилнинг январь-май ойларида қорамоллар сони 13,5 миллион бошга, қўй-эчкилар 23,2 миллион бошга (103 фоиз) ва паррандалар бош сони 89 миллион бошга (102,6 фоиз) етказилди, 946 минг тонна (104,1 фоиз) гўшт (тирик вазнда), 3,7 миллион тонна (104 фоиз) сут, 20 минг тонна балиқ ва 2,4 миллиард дона (104 фоиз) тухум етиштирилди.
Озиқ-овқат саноати бўйича: республикада озиқ-овқат саноатида
22 мингдан ортиқ турли мулкчилик шаклидаги (1404 та мева-сабзавотни қайта ишлаш, 1069 та гўшт, 1607 та сутни қайта ишлаш ва 18300 тадан ортиқ бошқа) озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатмоқда.
Мазкур корхоналар билан 2023 йилда жами 75,5 триллион сўмлик (ўтган йилга нисбатан 116,2 фоиз) озиқ-овқат саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш белгилаб олинди.
Мамлакатимиз ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали хорижий давлатларнинг озиқ-овқат таъминотига муносиб ҳисса қўшаётгани халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Жумладан, БМТ “Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)”нинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида “Минг йиллик ривожланиш мақсадлари”га эришгани учун махсус мукофотига сазовор бўлган дунёдаги
14 та давлатнинг бири сифатида мамлакатимизнинг эътироф этилгани бу борадаги ислоҳотларга берилган муносиб баҳо бўлди.
Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти ҳисоботларида ҳам юртимизда кейинги йилларда бу борада эътирофга сазовор ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласида сўз борганида, озиқ-овқат бозори барқарорлигига таҳдидларни ўз вақтида бартараф этиш, озиқ-овқат товарлари импортини қулай божхона-тариф тартибига солиш бўйича чораларни белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган «2019-2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш Миллий дастури» ҳам айнан шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур йўналишда республикамизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича стратегик жиҳатдан мақсадли ҳамда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.
Муаммоларни бартараф этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш даражасини ошириш, аҳолининг фаол ва соғлом ҳаёти учун зарур бўлган етарли миқдордаги хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари учун жисмоний ва иқтисодий имкониятга эга бўлиши, маҳсулотларнинг сифатини яхшилаш, нархлар барқарорлигини таъминлаш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
- республиканинг барча ҳудудлари даражасида белгиланган мақсадли мезонларни бажаришни таъминловчи агросаноат мажмуасини барқарор ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни тартибга солиш ва бошқариш тизимини жорий қилиш;
- озиқ-овқат хавфсизлигини аниқлаш, баҳолаш ва кутилиши мумкин бўлган хавфни олдиндан билиш тизимини жорий қилиш;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга йўналтирилган корхоналар тармоғини кенгайтириш;
- мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга ихтисослашган совутиш камералари, уларни саралаш ва қадоқлаш пунктлари ҳамда ташиш билан шуғулланувчи махсус транспорт-коммуникация тармоғини кенгайтириш;
- қайта ишлаш саноатининг материал ва энергия сиғимини пасайтириш, ресурс тежовчи кам чиқимли технологияларга устуворлик бериш;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
- асосий турдаги қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари, хом ашёни ички ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш;
- чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик соҳасини барқарор ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқариш хажмларини кўпайтириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш;
- қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш;
- озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш;
- аҳолининг барча қатламлари озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши учун иқтисодий имкониятларини ошириш;
- мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва бир вақтнинг ўзида қайта ишлаш билан шуғулланувчи ишлаб чиқариш мажмуалари, холдинглар, кластерлар ва илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари фаолиятини кенгайтириш;
- қишлоқ жойларда мева-сабзавот ва узумни қайта ишловчи корхоналар учун зарур бўлган инфратузилмалар, биринчи навбатда, йўллар, газ, электр ва сув таъминоти ҳамда бошқа инженерлик-коммуникация тармоқлари билан узлуксиз таъминлашни йўлга қўйиш ва бошқалар.
Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва савдо тармоғида стратегия ва дастурларнинг ижросига боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда соҳа ва тармоқларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш лозим.
Р.Сиддиқов,
Олий Мажлиси Сенати, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари.