Ўсимлик зараркунандалари сабабли ҳар йили қишлоқ хўжалиги экинларининг 40 фоизи йўқотишга учрамоқда
Бу ҳақда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг навбатдаги сессиясида маълум қилинди. Унда айтилишича, ўсимлик зараркунандалари озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда – унинг таъсирида ҳар йили қишлоқ хўжалиги экинларининг 40 фоизи йўқотишга учрамоқда, бунда жаҳон савдоси 220 млрд. доллар зарар кўрмоқда.
Иқлимнинг исиши натижасида зараркунандаларнинг янги ҳудудларга кириб бориши ҳам кўпайган, бу уларни йўқ қилиш деярли имконсиз ёки қимматга тушмоқда.
Ўтган йили БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 12 май кунини Халқаро ўсимликлар саломатлиги куни, деб эълон қилинди. ФАО томонидан маҳсулотларга фитосанитария сертификатларини электрон тарзда алмашиш имконини берувчи “E-Phyto” ахборот тизими йўлга қўйилди. Бугунги кунда ушбу платформага 116 давлат аъзо бўлиб, ундан фаол фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.
Ўсимликлар ҳимояси 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги асосий мақсадлардан – қашшоқлик ва очарчиликни тугатиш, тенгсизликни қисқартиришга хизмат қилади.
Комиссия йиғилишида Ўзбекистон делегацияси раҳбари И.Эргашев сўзга чиқиб, республикада ўсимликлар карантини ва ҳимояси борасида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар, хусусан, соҳани рақамлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди. Жорий йил май ойининг охирида илк бор Ўзбекистонда “E-Phyto” ахборот тизимига бағишланган халқаро тадбирни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Музокараларда маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда зарур фитосанитария рухсатларини олиш, айрим ўрнатилган чекловларни бекор қилиш, илғор тажрибаларни алмашиш ва бошқа манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, ФАО Фитосанитария чоралари бўйича комиссияси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси халқаро конвенциясининг асосий бошқарув органи бўлиб, ушбу конвенциянинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга ёрдам беради, шу жумладан, дунёда ўсимликларни ҳимоя қилиш ҳолатини кузатиш, зараркунандаларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда халқаро стандартларни қабул қилиш бўйича глобал ҳамкорликни таъминлайди.