Дунёдаги энг ажойиб ва ғайриоддий гаражлар

 Одатий тушунчамизга кўра гараж ва автотураргоҳлар унчалик чиройли ва ғайриоддий бўлиши шарт эмас. Биз аксарияти қачонлардир қурилган, ҳозирда ҳам ташқи томони деярли ўзгармаган оддийгина кўримсиз гаражларга кўникиб қолганмиз. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам ёпиқ тўхташ жойлари ва гаражлар кўпчиликни қизиқтирмайди. Бироқ, шундай ажойиб гараж тузилмалари борки, бугун сизга уларни тақдим этишга аҳд қилдик (Дарвоқе, тадбиркорларимиз улардан андаза олиб, шу каби замонавий гаражларни қурса, аъло иш бўларди).

 Umihotaru - Япония

Бу Япониянинг Токио кўрфазида махсус қурилган сунъий орол. Ушбу орол автомобилларнинг вақтинчалик тўхташ жойи ва сув остидаги узун (9 км) туннелдан ўтиб кетаётган бошқа ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг дам олиши учун қурилган.

  Kant-Garagen - Германия

Ушбу кўп қаватли автотураргоҳ 1929 йилда Берлинда қурилган. Бу Европадаги энг қадимги машиналар гаражи ва 1940 йилларга тегишли ҳарбий машиналарга эга ягона гараж. Ушбу бино тарихий ёдгорлик сифатида рўйхатга олинган.

 TreviPark - Италия

Мана бу суратдаги платформада турган кичкина Fiat автомобили автоматик тарзда Турин шаҳридаги  ер ости тўхташ жойига тушишни кутмоқда. Ушбу ерости автотураргоҳи 84 та машинани сиғдиришга мўлжалланган.

Марина Сити - АҚШ

Бу ажойиб қурилмани Америка фильмлари ёки турли журналларда кўрган бўлсангиз керак. Чикаго шаҳрининг сув бўйидаги кўчасида жойлашган 65 қаватли икки бинонинг биринчи 19 қаватини эгаллайдиган автотураргоҳ 896 та автомобилни сиғдира олади. Тасаввур қилинг-а, аҳоли қулайлиги учун ердаги қанча жой тежаб қолинган.

  Civic Center - Санта-Моника - АҚШ

Санта-Моникада автоуловларни сақлашга мўлжалланган жуда кўп ажойиб гаражлар мавжуд. Бу диодли лампалар билан ёритилган бино шаҳардаги энг кўзга кўринарли автотураргоҳларнинг биридир. Чиройли бино ва ёриткичлар кишига бу ерда шунчаки хунук ва кўримсиз қиёфали гараж борлиги тўғрисида таассурот қолдиришга имкон бермайди.

Parc Des Celestins - Франция

Бу минора Франциянинг Лион шаҳридаги автомобиллар гаражи. Минора марказида кундузги ёруғликни акс эттирувчи ойна бор. Бу ерда тўхташ жойлари хизматидан ташқари сизнинг йўқлигингизда машинангизни текшириб, барча тизимлар диагностикасини бажарадиган уста-хизматчилар тайёр туришади.

VW Autostadt Towers - Германия

Вольфсбургдаги иккита шиша миноралари Volkswagen компаниясига тегишли. Бу ерда янги машиналар сақланади, шунингдек, компания музейига ташриф буюришга қарор қилган меҳмонларнинг машиналари тўхтаб туради. Машиналар махсус жиҳозлар ёрдамида кўтарилиб, яна шу автоматик тарзда пастга туширилиб қўйилади.

***

Одамлар ўз машиналарига кўп вақт ва маблағ сарфлайди, улар машиналарини ўз яқинлари каби асраб-авайлаши ажабланарли эмас. Шу билан бирга автотураргоҳлар бу ғамхўрликнинг муҳим таркибий қисмларидан биридир. Баъзи бир шижоаткор ҳайдовчилар ҳатто ўз уйларини ўзига хос гаражга айлантирган ҳолатлар ҳам бўлган. Бизнингча, ниҳоят автомобиль ихлосмандлари учун тижорат тўхташ жойлари қуриш керак бўлган вақти келди. Сиз нима дейсиз?

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.