Электрон харидлар учун ҳам кешбэк тўлаш бошланди
Энди масофавий электрон тўловлар учун ҳам харидлардан 1 фоиз миқдорида кешбэк тўланади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.
Буларга Click, Payme, Oson, Apelsin, Paynet, ATTO ва бошқа хизматлар, банк хизматлари (жумладан, мобил иловалар) ва marketplace`лар (онлайн дўконлар) орқали тўловлар киради.
Ушбу хизматларнинг солиқ органлари билан интеграциялашуви туфайли тўлов тизимлари орқали тўловларни амалга оширишда QR-кодли чек ҳосил бўлади. Агар истеъмолчи кешбэк тизимида рўйхатдан ўтган бўлса, харид суммасининг 1 фоизи Soliq мобил иловасининг шахсий кабинетида автоматик тарзда акс эттирилади.
Шунингдек, кешбэкни олиш учун электрон чекдаги QR-кодни сканерлаш мумкин.
Қўмитанинг эслатишича, автомобиллар, ҳаво ва темир йўл чипталарини харид қилиш, коммунал ва алоқа хизматлари учун тўловларни амалга оширишда кешбэк тўланмайди.