Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энди Самарқанд шаҳрида “ақлли светофор”лар ишлайди

Самарқанд шаҳрининг барча светофорлари янгисига алмаштирилмоқда. Бу ҳақда каналимиз орқали “Нега светофорлар янгиланяпти?” сарлавҳаси остида хабар  эълон қилинган эди.

Бу ҳолат ҳақида вилоят ИИБ йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати қуйидаги маълумотларни тақдим этди: 

"Самарқанд шаҳридаги кўчаларда тирбандликларни бартараф этиш, ҳайдовчи ва пиёдаларга қулай шароитлар яратиш мақсадида “Ақлли светофор” дастури доирасида шаҳар кўчаларида мавжуд барча чорраҳалардаги эски светофор объектларининг устунлари ва электр тармоқларининг симлари ҳамда янги светофор объектларидаги светофор қурилмалари ва бошқаврув аппаратлари ҳалқаро стандарт талабларига мос, Хитой Республикасида ишлаб чиқарилган, иссиқ ва совуқ об-ҳаво шароитларига чидамли, ҳайдовчи ва пиёдалар учун кўриниши аниқ, қизил ва яшил чироқларнинг алмашиш вақтини аниқ кўрсатиб турувчи светофор қурилмаларига алмаштирилмоқда.

Бундан ташқари, светофор қурилмаси алоҳида имкониятларга эга бўлиб, ҳар бир йўналиш кузатув камераси билан жиҳозланиб, чорраҳада ҳаракатланиб ўтаётган транспорт воситаларини видеотасвирга олади, светофор қурилмалари ҳамда кузатув камералари бошқарув аппаратига уланиб, бошқарув аппарати кузатув камераларидан видеотасвирга олинган маълумотлар асосида чорраҳадан ҳаракатланиб ўтаётган транспорт воситаларининг ҳисобини (сони) жамлаб, автоматик равишда транспорт оқимидан келиб чиқиб, светофор қурилмасининг ишлаш тизимига автоматик ўзгартириш киритиб, тартибга солади. Бошқарув аппарати қутиси ичига электр қуввати захирасини ушлаб турувчи батареялар ўрнатилган. Бу эса электр тармоғи таъминотида узилиш бўлганда, светофор қурилмасини 5 соатгача электр билан таъминлаб бериш имкониятини беради.

Чорраҳаларда ўрнатилган светофор қурилмаларининг бошқарув аппарати вилоят ички ишлар бошқармасида ташкил этилган ситуацион марказга уланиб, чорраҳалардан ҳаракатланаётган транспорт воситаларини кузатиш, транспорт воситаларининг ҳисоби, рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгилари, турлари, ҳаракатланиб ўтган вақти тўғрисидаги маълумотларни олиш, транспорт оқимидан келиб чиқиб, светофор қурилмасининг ишлаш тизимини оператор томонидан ўзгартириш имкониятларини беради.

Амалга оширилаётган ишлар давомида шаҳар кўчаларида вақтинча вужудга келаётган ноқулайликлар учун ҳаракат иштирокчиларидан узр сўраб қоламиз".