Ерни хусусийлаштириш бизга нима беради?

Шу пайтгача бизда ер давлатники, ҳаммамиз ундан у ёки бу тарзда фойдаланувчи эдик. 2020 йил 1 мартдан кучга кирган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунга кўра эндиликда Ўзбекистон фуқаролари ўзларининг уйлари, корхоналари ва бошқа мулклари жойлашган ерни хусусийлаштириб олиш имконига эга бўлди.

Хусусий мулк кишига катта ишонч беради

Мазкур қонунга мувофиқ, кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ариза ер участкаси жойлашган туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади. Мазкур ариза Ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади. Комиссиянинг хулосаси ҳокимнинг ер участкаларини хусусийлаштириш ёки уларни хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги тегишли қарорини қабул қилиш учун асос бўлади. Хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тегишли тўлов амалга оширилганидан сўнг 3 иш куни ичида қабул қилинади.

Демак, ҳукуматнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш масаласидаги қатъий сиёсати ҳамда ижтимоий-иқтисодий шароит тақозоси билан ерларни хусусий мулк сифатида расмийлаштириш имкони пайдо бўлди. Хўш, бу нима дегани?

Ерни хусусийлаштиришнинг аҳамияти икки муҳим омил орқали намоён бўлади. Биринчиси - маънавий омил.

Ернинг хусусий мулкка айланиши маънавий томондан фуқарога катта ишонч беради. Хусусий ерга кишининг меҳри бошқача бўлади. Ер эгаси ўзини оёқда маҳкам тургандек ҳис қилади, узоқ келажакка доир режалар тузади ва истиқболини аниқроқ кўра бошлайди. Ўз уйингизда ижарада тургандек яшамайсиз.

Иккинчиси - иқтисодий омил.

Ҳеч бир ишлаб чиқариш ерсиз амалга ошмайди, чунки ҳар қандай корхона бир парча ер устига жойлашган. Ер – худди капитал, энергия, ахборот сингари иқтисодий омил. Олайлик, ишчи кучи арзон, техника қиммат бўлса, тадбиркор қиммат техника сотиб олишдан кўра кўпроқ ишчи ёллашга ҳаракат қилади. Худди шундай, корхонаси қиммат ерда жойлашган бўлса, уни сотиб, ишни арзон ерга кўчиришга ҳаракат қилади, чунки ернинг нархи ҳам маҳсулот таннархига таъсир қилади. Демак, ер хусусийлашса, тадбиркор ҳам, жамият ҳам фойда кўради.

Ерга ким эгалик қилади? Албатта, ундан кўп фойда олишга қодир бўлган, шу сабабли ер учун бозорда энг юқори нарх бера оладиган шахс. Таъкидлаш жоиз, у пули кўп бўлгани учун ерни қиммат баҳога сотиб олмаяпти (нормал шароитда тадбиркор пулни банкдан кредитга олади, ҳатто шу ерни гаровга қўйиб бўлса ҳам), балки у шу ер участкасида фойдали бизнесни йўлга қўя олишига кўзи етгани учун сотиб оляпти. Демак, ерга эгалик ердан фойдаланувчиларни маконда оқилона, ўз ўрнида жойлаштириш учун туртки бўлади. Шунингдек, ер хусусий мулкка айлангач, ўз-ўзидан ер бозори пайдо бўлади, худди бир пайтлар уй-жой хусусийлашгач, уй бозори пайдо бўлганидек. Демак, ернинг ҳақиқий бозор баҳоси шаклланади. Бундан ташқари, ерни гаровга қўйиш, ижарага бериш каби имкониятлар пайдо бўлади, яъни ер иқтисодий муомала объектига айланади.

Оддий фуқаро ҳаётида нима ўзгаради?

Биринчи навбатда, унинг хусусий мулки мустаҳкам ҳимояга эга бўлади. Бугунги “буз-қур” замонида уй-жойларни давлат эҳтиёжи учун олиб қўйиш, обод шаҳарлар ва маҳаллалар қуриш асносида хусусий мулк дахлсизлиги масаласи бирмунча муаммога айлангани сир эмас. Одамлар ернинг эмас, фақат унинг устига қурилган бинонинг мулкдори бўлгани ҳолда, баъзан шу бинонинг ҳам товон пулини ололмай сарсон бўляпти. Шундай шароитда фуқароларнинг мулкини ҳимоя қилиш учун уни мустаҳкам заминга боғлаб қўйиш имкони пайдо бўлди.

Қонунда ёзилишича, хусусий ерлар фақат мулкдорнинг розилиги билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин. Агар ер хусусийлаштирилган бўлса, энди бинонинг, мулкнинг компенсациясини тўлабгина ерни давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш имкони бўлмайди. Бунда ерни мулкдордан сотиб олиш ёки бошқа йўл билан уни рози қилиш керак бўлади. Агар рози қилинмаса, унинг ерини олиб қўйиш мумкин эмас.

Қурби етмаганлар-чи?