Футбол: Ўзбекистонлик ўсмирлар Англия терма жамоасини мағлуб этди
Йигитларимиз Осиёнинг ягона вакили сифатида чорак финалда иштирок этади.
Ҳозиргина Индонезияда давом этаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг нимчорак финал ўйини якунланди. Мазкур босқичда Ўзбекистон ўсмирлари футбол ватани бўлмиш Англия вакилларини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Учрашувнинг илк дақиқаларида устунликни қўлга олган Жамолиддин Раҳматуллаев шогирдлари 4-дақиқада Амирбек Саидовнинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб қолди. Вақт ўтиши билан инглизлар устунликни ўз тарафига оғдирди. 36-дақиқада Ндала бирга-бир вазиятдан унумли фойдаланиб, ҳисобдаги мувозанатни тиклади.
Иккинчи таймнинг 67-дақиқасида Ўзбекистон сардори Лазизбек Мирзаев стандарт вазиятдан унумли фойдаланиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Шу билан ўйинда ҳисоб ўзгармади.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ўсмирлари Жаҳон чемпионатидаги ўзининг энг яхши натижасини такрорлади.
Энди Ўзбекистон терма жамоаси чорак финалда Осиёнинг ягона вакили сифатида Франция-Сенегал жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади.