Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг оила аъзоларига имтиёзлар берилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти "Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" Фармон қабул қилди.

Фармонга кўра, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:

- Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) оила аъзоларига бирйўла бериладиган нафақа марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида белгиланди.

- Ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) давлат мажбурий шахсий суғуртаси доирасида ҳарбий хизматчи (ходим) ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида белгиланди.

- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига улар томонидан белгиланган миқдорларда (меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 50 фоизигача бўлган суммадан ошмаган ҳолда) маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи оила аъзоларига ҳар ой тўланадиган нафақа тайинлаш тартибини белгилаш ҳуқуқи берилди.