Ҳаёт сабоқлари мужассам бўлган мактуб
Юртбошимизнинг набираси Шавкатбекка йўллаган мактубини чуқур ҳаяжон, самимий эҳтиром ва катта қизиқиш билан мутолаа қилдик.
Инсон тарбияси, фарзанд камолоти ва ёш авлоднинг келажаги ҳақидаги ўйлар ҳар бир даврда жамият олдида турган энг муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг набираси Шавкатбекка йўллаган самимий мактуби нафақат оилавий меҳр ва боболик насиҳатини, балки бутун мамлакат ёшларига қаратилган муҳим маънавий-тарбиявий фикрларни ҳам мужассам этгани билан аҳамиятлидир.
Мактубнинг эътиборли жиҳати шундаки, унда бобонинг набирасига бўлган меҳри орқали фарзанд тарбияси, инсон масъулияти, Ватан тақдири ва келажак авлод олдидаги бурч каби ҳаётий тушунчалар очиб берилган.
Айниқса, «Мен нафақат сенинг, балки сенга ўхшаган миллионлаб Ўзбекистон фарзандларининг келажаги ҳақида ҳам ўйлашим, қайғуришим керак», деган фикр оилавий меҳрнинг жамият ва миллат тақдири билан уйғунлигини намоён этади.
Мактубда илгари сурилган асосий ғоялардан бири — илм-маърифатга интилиш, билимни энг катта бойлик сифатида қадрлашдир. Юртбошимиз ўз насиҳатларида буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Маҳмудхўжа Беҳбудий каби алломалар меросини ёшлар учун ибрат мактаби сифатида кўрсатади. Бу эса ёш авлод қалбида миллий ўзликни англаш, тарихий хотира ва аждодлар меросига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, буюк аждодларга муносиб ворис бўлиш учун, аввало, билим олиш, изланиш, меҳнат қилиш ва изчил ҳаракат қилиш зарур. Шу боис мактубда ҳар бир ёшни ўз қобилиятини намоён этишга, илм-фан янгиликларини ўрганишга, хорижий тилларни ўзлаштиришга ва бошлаган ишини охирига етказишга даъват этилади.
Бугунги ахборот асрида мактубнинг яна бир муҳим жиҳати — замонавий технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш маданиятига алоҳида эътибор қаратилганидир. «Замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан унумли фойдалан, аммо уларга қарам бўлиб қолишдан эҳтиёт бўл!» деган насиҳат ҳар бир ота-она, педагог ва ёшлар учун жиддий мулоҳазага сабаб бўлиши керак. Зеро, технология инсоннинг фикрлаш қобилиятини ривожлантириши, билим олишига хизмат қилиши лозим, унинг ўрнини эгалламаслиги керак.
Мактубда вақт қадрига алоҳида урғу берилгани ҳам бежиз эмас. Вақтни қадрлаш, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш, бугунги ишни эртага қолдирмаслик — муваффақиятга элтувчи муҳим ҳаётий мезонлардир. Айниқса, ёшлик даврида олинган билим ва шаклланган одатлар инсоннинг бутун ҳаётига таъсир кўрсатишини унутмаслигимиз зарур.
Шунингдек, сабр-тоқат, ирода, интизом ва қийинчиликлар олдида таслим бўлмаслик ҳақидаги фикрлар мактубнинг тарбиявий қимматини янада оширади. Ҳаётда муваффақиятга эришиш йўли доимо текис бўлмаслиги, баъзан инсон хатоларидан хулоса чиқариб, яна олдинга интилиши лозимлиги ёшлар онгига сингдирилиши керак бўлган муҳим ҳаётий сабоқдир.
Мактубнинг яна бир муҳим ғояси — Ватанга муҳаббат ва миллий ғурур туйғусидир. Давлат байроғи, миллий қадриятлар, она юрт тарихи ва халқ манфаатига хизмат қилиш масалалари ёш авлоднинг фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган. Қайси касбни танлашидан қатъи назар, инсоннинг Ватанга наф келтириши, эл-юрт корига яраши энг муҳим мақсадлардан бири бўлиши лозим.
Энг муҳими, мактубда инсоннинг асл қиёфасини белгиловчи фазилатлар — мардлик, орият, ҳалоллик, камтарлик, меҳнатсеварлик ва олижаноблик алоҳида таъкидланади. Бу фикрлар бугунги тарбия жараёнида нафақат билимли, балки юксак ахлоқ-одобга эга, виждонли, масъулиятли ва инсонпарвар шахсни камол топтириш қанчалик муҳим эканини англатади.
Бизнингча, ушбу мактубни фақат ўқиб чиқиш билан чекланиб қолмаслик керак. Ундаги ҳаётий сабоқларни оилада ота-оналар, таълим муассасаларида педагоглар, маҳаллаларда нуронийлар ва кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш, ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, тарбия фақат насиҳат билан эмас, балки шахсий намуна, оилавий муҳит ва жамиятдаги муносабатлар орқали шаклланади.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, мактубдаги ғоялар бугунги маънавий-маърифий ишлар мазмун-моҳияти билан ҳамоҳангдир. Унда илгари сурилган илмга интилиш, миллий қадриятларга садоқат, Ватанга муҳаббат, вақтни қадрлаш ва юксак инсоний фазилатларни эъзозлаш каби тамойиллар ёшлар тарбиясида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Холбек Кубаев,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари.