Ижтимоий тараққиёт ва адолат кафолати
Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилди. Бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик каби иллатнинг олдини олишга бевосита боғлиқдир.
Албатта, ислоҳотларнинг натижадорлигини, одамларнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришларини таъминлашда ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасида катта масъулият борлигини чуқур ҳис қиламиз. Бу борада прокуратура органлари томонидан амалга оширилаётган назорат фаолияти нафақат қонунбузилишларни бартараф этиш, балки уларнинг олдини олиш, давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Ижтимоий соҳадаги қонунлар ижроси
Вилоят прокуратурасининг ижтимоий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими томонидан 2026 йилнинг дастлабки беш ойи давомида амалга оширилган ишлар бу йўналишда тизимли ёндашув шаклланганини кўрсатади. Бу даврда турли соҳалар бўйича 34 та таҳлилий ахборот Бош прокуратурага киритилиб, уларнинг 21 таси ижобий баҳолангани эришилган натижаларнинг амалий аҳамиятини кўрсатади. Айрим таҳлиллар эса мамлакат раҳбарияти даражасида кўриб чиқилиб, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилгани уларнинг долзарблигини тасдиқлайди.
Ижтимоий соҳада қонунчилик ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатди. Олий таълим муассасалари талабалар тураржойларини яхшилаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар бунинг яққол мисолидир. Шу пайтгача вилоятдаги 28 та талабалар тураржойи таъмирланиб, юзлаб маиший техника ва жиҳозлар харид қилинди. Юмшоқ жиҳозлар янгиланди, спорт инвентарлари олиб берилди, ошхона, кутубхона, сартарошхона ва тикув хоналари фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса талабалар учун муносиб турмуш шароити ва таълим олиш муҳитини шакллантиришда муҳим қадам бўлди.
Мазкур соҳадаги энг муҳим вазифалардан бири коррупциявий омилларни қисқартириш ҳисобланади. Шу мақсадда республикада биринчи бўлиб давлат меҳнат инспекцияси инспекторларини планшетлар билан таъминлаш ва маъмурий ҳуқуқбузарликларни электрон шаклда расмийлаштириш амалиётининг жорий этилиши шаффофликни таъминлашга хизмат қилди. Рақамлаштириш инсон омилини камайтириб, қарор қабул қилиш жараёнининг очиқлигини таъминлашда муҳим восита экани яна бир бор исботланди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам доимий эътиборимиз марказида. Таҳлиллар асосида мазкур тоифадаги 314 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди, 347 нафари доимий иш билан таъминланди. Шунингдек, 659 нафар ногиронлиги бўлган шахс реабилитация техник воситалари, 244 нафари эса протез-ортопедия мосламалари билан таъминланди. Бу ишлар нафақат ижтимоий ҳимояни кучайтириш, балки ушбу тоифадаги фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган рақамлаштириш ишлари ҳам ўз самарасини бермоқда. Хусусан, тиббиёт муассасаларида пуллик хизматлар ҳажми бир йил ичида 20,5 фоизга ўсиб, 97,7 миллиард сўмни ташкил этди. Бу аввало, хизматларнинг шаффофлашгани, ҳисоб-китоб тизимининг такомиллашгани ва молиявий интизомнинг мустаҳкамланганидан далолат беради.
Ёшлар масаласи прокуратура назоратидаги устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Турли профилактик тадбирлар, ижтимоий ва ҳуқуқий чоралар натижасида оғир тоифага киритилган 4 341 нафар ёшнинг соғлом ҳаётга қайтарилиши жамият келажагига қаратилган муҳим сармоядир.
Қонун устуворлигини таъминлаш соҳасидаги рақамлар ҳам салмоқли. Ўтган давр мобайнида қарийб 600 та назорат тадбири ўтказилиб, 2481 та протест, 1169 та тақдимнома киритилди. Натижада минглаб мансабдор шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, юзлаб масъуллар расман огоҳлантирилди. Энг муҳими, 13 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, миллиардлаб сўмлик зарар қопланди ҳамда қўпол қонунбузилишлар юзасидан 265 та жиноят иши қўзғатилди. Бу рақамлар прокуратура назоратининг фақат жазолаш эмас, балки ҳуқуқларни тиклашга қаратилганини кўрсатади.
Коррупцияга қарши курашишда янги ёндашув
Бу йўналишда давлат органлари учун махсус "Йўл харитаси" қабул қилиниб, коррупциявий хавфларни таҳлил қилувчи штаб ташкил этилди. Ҳар ой муайян соҳада коррупциявий ҳолатларни танқидий муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу ишлар натижасида юзлаб ходимларга интизомий чоралар кўрилди, ротация амалга оширилди ва қонунбузилишларга йўл қўйган айрим ходимлар билан меҳнат шартномалари бекор қилинди.
Энг муҳими, коррупцияга қарши курашиш жазо билан чекланиб қолмади. Профилактикага устувор аҳамият берилди. Хорижий илғор тажриба асосида прокуратура, суд, ички ишлар ва адлия органлари ходимлари мактабларга бириктирилиб, "Келажак соатлари" доирасида ўқувчиларга ҳалоллик, ватанпарварлик ва қонунга ҳурмат бўйича дарслар ўтилмоқда. Шу билан бирга, олий таълим муассасалари талабалари ҳамда давлат хизматчилари учун коррупцияга қарши курашишга доир махсус ўқув қўлланмалари асосида машғулотлар ташкил этилди. Етти минг нафар давлат хизматчисининг виртуал академияда малака оширгани мазкур йўналишда билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Рақамлаштириш орқали коррупция хавфини камайтириш чоралари ҳам амалий самара берди. Жамоат транспорти, автотураргоҳлар, жарима майдончалари ва бозорларда тўловларнинг нақдсиз шаклга ўтказилиши инсон омилини кескин қисқартириб, молиявий шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ишлар ҳам эътиборга лойиқ. "Мурувват" интернат уйлари ҳамда "Ижтимоий қўллаб-қувватлаш" марказларида яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур жарроҳлик амалиётлари ўтказиш, реабилитация воситалари ва замонавий даволаш ускуналари билан таъминлаш чоралари кўрилди. Махсус спорт майдончаларининг ташкил этилиши эса уларнинг жисмоний фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар натижасида вилоятда камбағаллик даражаси бир йил давомида 7,5 фоиздан 3,5 фоизгача пасайди. Бу рақам ортида минглаб оилаларнинг турмуш даражаси яхшилангани, янги иш ўринлари яратилгани ва ижтимоий ҳимоя механизмлари самарадорлиги ошгани мужассам.
Хулоса қилиб айтганда, прокуратура органларининг ижтимоий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорати бугун нафақат қонунбузилишларни аниқлаш, балки давлат бошқарувини такомиллаштириш, коррупциянинг олдини олиш, рақамлаштиришни кенгайтириш ва инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим механизмига айланмоқда. Эришилган натижалар қонун устуворлиги таъминланган жойда адолат қарор топиши, ижтимоий барқарорлик мустаҳкамланиши ва аҳоли фаровонлиги юксалишининг яна бир амалий исботидир.
Муродқосим Эшназаров,
вилоят прокурори.