Иссиқ кунлар яқин, ёнғин хавфи камайдими?

4 март – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил топган кун.

Март ойининг дастлабки кунлари совуқ бўлиб, бугундан ҳарорат кўтарилмоқда. Табиийки, энди уйларни иситишга бўлган эҳтиёж камайиб боради. Хўш, фавқулодда вазиятлар тизими назарида бу йилги куз-қиш мавсуми қандай ўтди? Ҳаво ва газ аралашмасининг чақнаши ёки ис газидан заҳарланиш ҳолатлари камайдими? Умуман, иссиқ кунларда бизни яна қандай хавф кутиши мумкин? Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғинлар профилактикаси бўлими бошлиғи, майор Равшан Облақулов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

- Куз-қиш мавсуми соҳангиз учун ҳақиқий синов даври ҳисобланади...

ؙ- Ҳар йили ҳукуматимизнинг тегишли чора-тадбирлар режасига мувофиқ, мавсумга алоҳида тайёргарлик кўрилади. Шунингдек, ҳаво ҳарорати пасайган кунлари ёнғинлар билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик мақсадида барча шахсий таркиб сафарбар этилган ҳолда иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ҳамда уй-жой фонди объектларида, аҳоли билан профилактик тадбирлар ўтказилади. Жараёнда объектларда ўрнатилган иситиш тизимлари, уларнинг дудбўронлари, шамоллатиш каналлари, шунингдек, газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланишда техника, ёнғин ва электр хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши ўрганилиб, аниқланган муаммолар бартараф этиш чоралари кўрилади. Бу йилги мавсум ҳам шу тартибда ўтди.

Айтиш жоизки, бу нафақат биз, балки бошқа масъул ташкилот ва идораларнинг ҳам қўшимча юклама билан хизмат олиб боришини тақозо этади. Мисол учун, таҳлилларга кўра, ёнғинларнинг 50-60 фоизи электр ёки иситиш печларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида содир бўлади. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси 2024 йил 31 майда “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилган. Ушбу ҳужжат асосида электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидалари тасдиқланган бўлиб, истеъмолчиларнинг қоидаларга амал қилишини таъминлашда электр ва газ таъминоти корхоналари, “Ўздавнефтгазинспекция”га ҳам маълум вазифалар юкланган.

- 2024 йилги куз-қиш мавсуми қандай ўтди?

- Бу йилги мавсумни беталофат ўтказиш мақсадида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг тегишли буйруғи қабул қилиниб, ташкилий ва амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди ва жойларда амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун бошқарма тезкор штаби, унинг ишчи гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди. Ишчи гуруҳлар таркибига маҳаллий ҳокимлик, ички ишлар, миллий гвардия, прокуратура, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси ҳудудий бўлимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа дахлдор идоралар жалб этилди.

Ўтган вақтда улар жойлардаги 2367 та кўп қаватли уй, 382 минг 759 та якка тартибдаги уйдаги газ ва электр жиҳозлари, печ, дудбўрон, шамоллатиш каналларининг ҳолати ва хавфсизлик қоидаларига мувофиқлигини ўрганиб чиқди. Айни тадбир давомида 40 минг 535 та қоидабузарлик аниқланиб, шундан 32 минг 780 тасини бартараф этиш чоралари кўрилган. Шунингдек, корхона ва ташкилотларда 8 минг 805 маротаба, маҳаллаларда 410 маротаба учрашувлар ўтказилиб, уларда иштирокчиларга тегишли йўриқномалар тарқатилган.

Айтиш жоизки, тарғибот тадбирлари самараси ўлароқ, вилоятда 2024 йилда содир бўлган ёнғинлар 2023 йилга нисбатан 36 тага камайди.

- Ёнғин фақат аҳоли тураржойларида содир бўлмаяпти. Тадбиркорлик объектлари, давлат идораларида белгиланган хавфсизлик қоидаларига қанчалик амал қилиняпти?

- Ўтган 5 йилликнинг таҳлилларига кўра, вилоятимиз ёнғинлар статистик маълумотлар бўйича яшил ҳудудга кирган. Бироқ бу хотиржамликка берилиш мумкин, дегани эмас. Биргина 2024 йилда ҳудудда 720 та ёнғин содир бўлган. Уларнинг 73,6 фоизи аҳоли тураржойларида бўлса, қолган 26,4 фоизи бошқа объектларда.

Албатта, қоидабузарлик фақат оддий фуқаролар томонидан содир этилмайди. Юқорида тилга олинган рақамларда тадбиркорлик субъектлари ва давлат хизматчиларининг ҳам улуши бор. Ўтган йили шундай корхона ва муассасалар раҳбарларига 12 минг 529 та банддан иборат давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмалари тақдим этилиб, уларнинг 10 минг 616 тасини бартараф этилишига эришилди. Шунингдек, давлат объектларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаган 2585 нафар раҳбар, жавобгар шахс ва фуқароларга 706 миллион 774 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди. Аниқланган қоидабузарлик зудлик билан бартараф этилмаслиги ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 601 та корхона, бино ва иншоотларнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди, 10 минг 170 та носоз ҳолатда бўлган электр ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқланди.

Ўз навбатида тадбиркорлик субъектларига қарашли объектларда ҳам ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаган 2015 нафар раҳбар ва жавобгар шахсларга 753 миллион 507 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган ва 4427 та носоз электр ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқланган.

Бу даврда вилоятда олиб борилган текширув ва профилактик-огоҳлантирув тадбирлари давомида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида аниқланган камчиликлар юзасидан ҳокимликларга 636 та ва юқори ташкилотларга 1608 та ахборотнома, маълумотнома ва тақдимномалар киритилган.

Айтиш жоизки, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонунга кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколати судлардан давлат ёнғин назорати идораларига ўтказилди. Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун жарима миқдорлари оширилган.

- Қиш якунланди. Ёнғинлар хавфи ҳам камаядими?

- Тўғри, хонадонларни иситиш талаб этилмаганлиги сабабли фуқаролар томонидан турли иситиш тизимларидан фойдаланилмайди ва ёнғинлар сезиларли даражада камаяди. Бироқ бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик мумкин, дегани эмас. Рақамлар тилида гапирадиган бўлсак, 2024 йилда содир бўлган 978 та ёнғиннинг фақат 523 таси (53,5 фоизи) электр, газ ва иситиш тизимларидан ёнғин хавфсизлик коидаларига риоя этилмасдан фойдаланилганлик оқибатида келиб чиққан. Демак, қолган 42 фоиз нохуш ҳолат бошқа мавсумларда ёки умуман, уйларни иситиш билан боғлиқ бўлмаган вазиятда содир бўлган.

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги барча фаслларда ҳам оғир оқибатларга олиб келади.

- Бугун кўпчик “яшил энергия”дан фойдаланишга ўтмоқда. Бу ҳам камхарж, ҳам қулай дейиляпти, лекин хавфсизлик масаласи...

- Бугун нафақат аҳоли хонадонлари, балки юртимизда барпо этилаётган янги бино ва иншоотларда ҳам “яшил энергия” манбалари ўрнатилмоқда. Албатта, бино ва иншоотларни барпо этиш бўйича тегишли қурилиш меъёр-қоидалари, шаҳарсозлик нормалари бўлганидек, қуёш панеллари, улар учун контроллер, аккумулятор ваа бошқа ускуналарни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш бўйича ҳам махсус тартиб-қоидалар белгиланган.

Хусусан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг “Фотоэлектрик станциялар (тизимлар)” шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи шулар жумласидан. Бу буйруқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган. Ҳуддди шундай, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ҳам электромобилларни қувватлаш ускуналарини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш бўйича тартиб-қоидалар ишлаб чиқилган.

Фавқулодда вазиятлар тизими юридик ва жисмоний шахсларга бу йўналишда тегишли тавсиялар бериб, қоидаларга риоя этилишини ўрганиб бормоқда.

Асқар БАРОТОВ суҳбатлашди.