Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иссиқ кунларда қандай шароитда ишлаш керак?

Айни кун мавзуси бўлган бу саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши етакчи мутахассиси Орифжон Мизомов жавоб берди.

- Шу кунларда кузатилаётган юқори ҳароратли об-ҳаво шароитида корхона ва ташкилотлар ходимлари белгиланган тартибдаги микроиқлим бўйича санитария-гигиена қоидаларига амал қилишлари талаб этилади, - дейди у. - Хусусан, корхоналарда йилнинг иссиқ даврида ишлаб чиқариш хоналари, цехлар, бўлимлар ва бошқа ёпиқ ҳудудларда микроиқлимнинг меъёрлари “Санитария қоидалари ва меъёрлари”нинг 0324-16-талаблари асосида бўлиши лозим. Яъни, I категорияли ишлар: ўтирган ҳолда, оғир меҳнат талаб этилмайдиган ишларда ҳаво ҳарорати 24-27 даража бўлиб, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 фоизни ташкил этиши лозим.

Ўрта оғирликдаги II категорияли ишларда иш жараёни ўтирган ва қисман юрган ҳолатда амалга оширилади. 10 килограммгача бўлган буюмларни кўтариши мумкин бўлган ҳолларда ҳаво ҳарорати 22-25 даража, ҳавонинг намлиги 40-60 фоиз ва ҳавонинг тезлиги 0,3 м/с.дан ошмаслиги керак.

Шунингдек, нисбатан оғир бўлган III категорияли ишларда ходимлар доимий ҳаракатда бўлиб, 10 килограммдан оғир бўлган юкларни кўтарадиган бўлса, ҳаво ҳарорати 21-23 даража иссиқ, ҳавонинг намлиги 60 фоиз бўлиши, ҳаво тезлиги 0,4 м/сдан ошмаслигига аҳамият бериш лозим.

Меҳнат кодексининг 211-моддаси ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги” Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради.

Ҳаво ҳарорати юқори бўлган вақтда иш берувчи биноларда миқроиқлим шароитини яхшилайдиган ускуналар - кондиционер, вентиляция, қуруқ ҳавони намлаштириш ускуналари ва бошқалар фаолиятини таъминлаши, назорат қилиш керак. Агар бундай ускуналарни ўрнатиш ва ишлатишнинг имкони бўлмаганда ходимларнинг иш режимини ўзгартириш, уларнинг дам олиш вақтларини кўпайтириш ёки иш вақтини қисқартирилиши лозим.

Шунингдек, ходимларни бепул тоза ичимлик суви билан таъминлаш чоралари кўрилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Очиқ майдонларда, қурилишларда ва далада бажариладиган ишлар иш категорияси ( I ва III)га мувофиқ, ҳаво ҳарорати 34,2°-36, даражадан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун хавфли ҳисобланиб, ходимларнинг ишлаш режимини куннинг салқин вақтларига кўчирган ҳолда ташкил этилиши керак. Меҳнат Кодексининг 159-моддасига кўра иш вақти қисқартирилган тақдирда, куннинг ишланмаган иш вақти учун ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Бу каби ишларнинг рўйхати ва уларни бажаришда иш вақтининг муайян муддати тармоқ келишувларида, жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади. Агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб олинган ҳолда амалга оширилади.

Меҳнат кодексининг 219-моддасига мувофиқ, ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим.