Жомбой туман ИИБга бошлиқ тайинланди
Жомбой туман ҳокимлигида ички ишлар бўлими шахсий таркиби ҳамда фаоллар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Шавкат Раҳмонов сўзга чиқиб, Жомбой ҳудудидаги криминоген вазиятга тўхталди.
Маълум бўлишича, сўнгги олти ой ичида қотиллик, одам ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда мулкка қаратилган жиноятлар кескин ошган. Туман ИИБ шахсий таркиби аҳоли ўртасида профилактик ишларни сусайтириб юборгани, оператив ходимларда масъулият тушиб кетгани танқид қилинди. Бу ҳақда "Жомбой тонги" хабар бермоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 июль куни вилоятимизга қилган ташрифи чоғида Жомбой туман ИИБ бошлиғининг лавозимидан озод қилинишида шу каби омиллар ҳам сабаб бўлгани айтилди.
Ички ишлар вазирлиги буйруғи билан Жомбой туман ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига майор Шавманов Салимжон Ҳайитбоевич тайинлангани эълон қилинди.
Маълумот учун, С.Шавманов 1984 йилда туғилган. Тизимда 2003 йилдан фаолият бошлаган. Шу кунга қадар Булунғур туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган. “Жасорат” медали соҳиби.