Жомбойда “Инсон қадри учун” бошқача бўлди

Ушбу шиор остида ўтказилаётган тадбирларнинг навбатдагиси Жомбой туманининг олис ҳудуди Полвонариқ маҳалласи Туркман қишлоғида бўлди. Бу тадбир аввалгиларига ўхшамади.

Туманда бошқа айрим туманлардаги каби дашт ҳудуди йўқлиги учун “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 1500 туп мевали ва яна шунча манзарали дарахт кўчатлари маҳалла ҳудудига, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар томорқаларига экилди.

- Ўтказилаётган тадбирлар инсон қадри учун, - деди туман ҳокими Қаюм Собиров. – Шундай экан, бугун эрталаб бошланган тадбир кечга яқин якунига етмаслиги керак. Шу олис қишлоқ обод бўлиши учун камида уч кун давом этади. Қолаверса, бу каби хайрли ишлар бошқа қишлоқларимизга ҳам кўчади.

- Тадбир олдидан маҳаллада хатлов ўтказилди, - дейди туман прокурори катта ёрдамчиси Хуршид Туронов. – Натижада ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, бугун улар бепул тиббий кўрикдан ўтказиляпти. Хонадонларини тартибга келтириш, томорқаларини шудгорлаш, дарахт кўчатларини экиш бўйича беминнат ёрдамлар кўрсатиляпти.

Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги бир ярим километр масофадаги тупроқ кўчага шағал ётқизилди.

- Бугун маҳалламизда катта байрам, - дейди шу қишлоқда яшовчи онахон Д.Болбекова. – Туманимиз мутасаддилари бошчилигида қишлоғимиз ободонлаштириляпти. Шифокорлар бепул тиббий кўрикдан ўтказишди. Маҳалладошлар, ёшлар ҳовлимни тартибга келтиришда ёрдамлашяпти. Кўчатлар экиб берилди. Бир тарафдан миннатдорман, бир томондан хижолатдаман. Ҳаммалари барака топишсин.

Тадбир доирасида ижодий кеча, концерт дастурлари, спорт мусобақалари, дорбоз ва бошқа миллий ўйинлар уюштирилди.

Тўлқин Сиддиқов.