Жомбойлик депутатлар: Мактабга - ҳа, боғчага - йўқ
Тумандаги мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни бошлаш учун тайёргарлик етарли эмас, деб топилди.
Хабарингиз бор, умумий ўрта таълим мактабларида ўқув йилини анъанавий шаклда бошлаш масаласи маҳаллий Кенгашлар томонидан муҳокама қилинмоқда.
Шу кунларда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туман Кенгашларига мактабларда таълимни бошлаш учун кўрилган тайёргарлик тўғрисида халқ таълими бўлимлари ахборот киритган.
Халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгашининг 11 сентябрь куни бўлиб ўтган сессиясида шундай ахборот кўриб чиқилди. Алоҳида қайд этиш ўринлики, сессия иши “анъанавий” услубдан воз кечилганлиги билан аҳамиятли бўлди. Негаки, депутатлар халқ таълими бўлими мудирига кутилмаган саволлар билан мурожаат қилишди.
Мисол учун, “Ахборотда бир ҳолат эътибордан четда қолган”, деди депутатлардан бири. Депутатнинг қайд этишича, мактаблар иш бошлагач, исталган бола онлайн ўқишни давом эттириши ҳам мумкин. Лекин қайси қишлоқларда бунга имконият йўқ?
Шу боис, сессияда депутатлар ўз сайлов округидаги қайси қишлоқ ёки маҳаллада интернет хизматларидан фойдаланиб бўлмаслиги тўғрисида маълумот тайёрлашга келишиб олди. Мазкур маълумот асосида вилоятдаги тегишли ташкилот ва ҳудуддаги провайдерларга интернет хизмати етиб бормаган қишлоқларда ҳам бу хизматни йўлга қўйиш талабини қўйишга қарор қилинди.
Сессияда мактабгача таълим бўлими бошлиғининг ҳам ахбороти тингланди. Тумандаги мактабгача таълим ташкилотларининг иш бошлаши учун амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот тақдим қилинмаганлиги депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Шу боис, мактабгача таълим ташкилотларини босқичма-босқич очиш графиги тасдиқланмади.
Биздаги маълумотларга кўра, бошқа бир қатор туман ва шаҳарларда ҳам МТТ ташкилотларини очиш масаласида якуний тўхтамга келинмаган. Хусусан, бу борада батафсил маълумот берилмагани учун Каттақўрғон тумани, Самарқанд шаҳар Кенгашларида ҳам масала сессия кун тартибига киритилмаган.