Карантинда ҳам аграр соҳада тўхталиш бўлмайди
Юртимизнинг барча ҳудудларида коронавирус пандемияси туфайли карантин тадбирлари ўтказилмоқда. Лекин фермер, деҳқонларимиз эл хирмонини яратиш, аҳоли дастурхонини тўлдириш мақсадида қишлоқ хўжалик юмушларини тўхтатишгани йўқ.
2020 йил ҳосили учун вилоятимизда 5600 дан ортиқ фермер хўжалиги 101 минг 230 гектар майдонда ғалла парваришламоқда. Ҳозиргача ғалла майдонларида иккинчи озиқлантириш ишлари якунланди. 184 минг тоннадан ортиқ маҳаллий ўғит жамғарилиб, 97 минг 500 гектардан зиёд майдон шарбат усулида суғорилди. Бугунги кунда қарийб 86,5 минг гектарда занг касаллигига қарши дорилаш ишлари олиб борилмоқда.
Тўғри, юртимизда карантин амал қилмоқда. Бироқ қишлоқ хўжалик юмушларини ҳам кечиктириб бўлмайди. Ахир деҳқонларимиз таъбири билан айтганда баҳорнинг бир куни кузнинг ўн кунига татийди. Шу боис деҳқонларимиз баҳорнинг ҳар бир очиқ кунидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда.
Жорий йилда вилоятимиз пахтакорлари 75 минг 580 гектар майдонга чигит экишни режалаштиришган. Бунинг учун фермер хўжаликларимиз ер текислаш, экишга тайёрлаш ишлари билан биргаликда пуштага нам суви бериш ишларини ҳам олиб боришмоқда. Ҳозиргача қарийб 24,5 минг гектарнинг 12 минг гектарида пуштага нам суви берилди. Қолаверса, деҳқонларимиз бу йил 5435 гектар ғўза майдони, 755 гектар боғ ва 622 гектар токзорни томчилатиб суғоришни режалаштиришган. Бунинг учун вилоятимизда барча имконият ва керакли ҳозирликлар кўрилди.
Отабек ХОЛМАТОВ,
вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши бош мутахассиси.