Коронавирусга чалиниш ҳолати барча ҳудудларда ортиб бормоқда

АОКАда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказилди.

Нурмат Отабековнинг қайд этишича, коронавирусга чалинганлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аниқланяпти ва касаллик даражаси ортиб боряпти.
"Бугунги кунда Ўзбекистон шифохоналарида 4 минг 82 нафар бемор даволанмоқда. Уларнинг 514 нафари ўта оғир аҳволда, 1 минг 158 нафари эса касалликни оғир ўтказмоқда.
Куни кеча, 28 нафар бемор реанимацияга олинган, 21 нафари эса реанимациядан оддий палаталарга ўтказилган.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланганига уч ойдан ошди. Мамлакатимизда ҳар бир эмлаш пунктида яратилган шароитлар туфайли кунига 70 нафар одамни эмлаш имконияти мавжуд. Бироқ фуқаролар бу имкониятнинг ярмидан фойдаланяпти, холос, яъни бир кунда битта пунктда 35-37 нафар киши эмланяпти.

Агар аҳвол шу тартибда кетадиган бўлса, оммавий эмлаш ўз самарасини бермаслиги мумкин. Негаки, оммавий эмлаш қачонки қисқа муддатда катта миқдордаги аҳоли эмланса, кўзланган самарасини беради", деди Нурмат Отабеков.