Нурмат Отабеков: Тўрт ой нималарни гапириб берган бўлсам, барчасини ўзимда кузатдим

Ўзбекистон бош давлат санитария инспектори, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорат давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирусдан даволаниб чиққанидан сўнг ўзида кечирган ҳолатлар ҳақида “Shifobaxshuz” телеграм каналига маълум қилди.

Отабековнинг маълум қилишича, у тана ҳароратининг кўтарилиш белгилари билан шифохонага ётқизилган.

«Мен коронавирусга чалинганлигимни 28 июль куни билдим. Икки маротаба лаборатория текшируви мусбат натижа берди. Дастлабки саккиз кун давомида менда жиддий клиник белгилар кузатилгани йўқ. Бироқ шифохонага ётганимнинг саккизинчи кунидан бошлаб пневмония белгилари кузатила бошлади ва олти кун давомида нафас етишмовчилиги билан боғлиқ клиник белгилар кузатилди. Рентген ва мультиспирал компьютер томография текширувлари ўпкамнинг 50 фоизида яллиғланиш борлигини кўрсатди. Касалликнинг 14-15 кунларига бориб ҳид ва таъм билиш белгиларининг йўқолиши намоён бўла бошлади. Айниқса, аччиқни сезиш кескин камайганини сездим. Лекин туз ва ширинликни таъмини сезиш имконияти сақланиб қолди», деди профессор.

Суҳбат давомида Бош давлат санитария инспектори касаллик клиник белгиларининг барчасини ўзида кузатганини айтиб ўтди.

«Шифохонада 21 кун даволаниш баробарида, ўтган тўрт ой давомида касалликнинг клиник белгилари бўйича нималарни аҳолига гапириб берган бўлсам, барчасини ўзимда кузатдим. Ҳолсизланиш, терлаш, тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳид ва таъм билишнинг пасайиши, нафас олишдаги муаммолар, ичак фаолиятининг бузилиши кабиларнинг барчасини ўзимда кузатдим. Менда шунақанги тушунча пайдо бўлдики, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касаллик ташхиси, даволаш усуллари ва профилактикаси бўйича берган тавсияларининг ҳаммаси ўринли ва асосланган», деди Санитария-эпидемиологик назорат давлат инспекцияси бошлиғи.