Кун кўриш керак эмас, яшаш керак

Бугун Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, етук публицист ва муҳаррир Маҳмуд Саъдий таваллуд топган кун

Маҳмуд Саъдий 1939 йил 20 июлда Нарпай туманида туғилган. Мактабни тамомлаганидан кейин ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети филология факультетининг журналистика бўлимида таҳсил олган.

“Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, бўлим мудири, “Гулистон” журналида катта адабий ходим, бўлим мудири. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бўлим мудири, “Маърифат” газетасида махсус мухбир, шарҳловчи, бўлим муҳаррири вазифаларида фаолият кўрсатган. Жаҳон тиллари университетида ёшларга дарс берган.

Маҳмуд Саъдий ўзига хос муҳаррирлик мактаби яратган тажрибали ижодкор, иқтидорли мунаққид ва кўзга кўринган таржимондир.  У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабалари учун “Таҳрир санъати” ўқув дастурини яратган. 

“Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 15 йил” кўкрак нишони билан мукофотланган.

Маҳмуд Саъдий 2019 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Қуйида публицист ва муҳаррирнинг дафтар ҳошиясига битган қайдларидан ўқийсиз.

***

Адабиётга виждон иши деб қарагандагина адиб баркамол асарлар яратиши, ҳаётнинг янги-янги қатламларини очиши, тирик образлар кашф этиши мумкин.

* * *

Китобдан биринчи мақсад – одамни шахс сифатида шакллантириш.

* * *

Китоб миллатнинг кўзини очиши керак. Кўзи очиқ одам ҳаётнинг баланд-пастликларини тўғри баҳолай олади.

* * *

Бизда тарихни халқ яратади деб одамнинг кўзига қум сепиб келинди. Тарихни халқ эмас, шахслар яратади.

* * *

Менинг тушунишимча, одам бир касбни эгаллашга киришар экан, уни ипидан игнасигача билиб, шу ишнинг устаси бўлиши керак, профессио­нал бўлиши керак. Агарда инсон ўз соҳасида профессионал бўлса, ҳаётда қоқилмайди, қаерда бўлса ҳам, меҳнати орқасидан рўшнолик кўради.

* * *

Умр мазмуни — ўзликни англаб яшаш. Маърифатли инсонгина ўзини англаб яшашга қодир.

* * *

Болаларни эркин қўйинг, сизга ўхшаб фикрламаса ҳам.

* * *

Айбим шуки, ўйла­ганимни айтиш пайида бўламан.

* * *

Қаердаки ахлоқсизлик бўлса, ахлоқ бузилса, ўша ерда маънавият таназзулга юз тутади.

* * *

Кун кўриш керак эмас, яшаш керак.