Кузда организмдаги ўзгаришлар
Кузда организмдаги ўзгаришларнинг асосий сабабларидан бири — кунлар қисқариши, кундузги ёруғлик камайиши ва ҳаво ҳароратининг ўзгаришидир.
Бу омиллар организмнинг биологик соатига таъсир қилиб, уйқу ва уйғониш тартибини ўзгартириши, уйқучанлик ва чарчоқни кучайтириши мумкин. Шунингдек, кундузги ёруғликнинг камайиши кайфиятни бошқаришда иштирок этувчи серотонин ва уйқу жараёнини тартибга солувчи мелатонин гормони билан боғлиқ жараёнларга ҳам таъсир кўрсатади.
Мутахассислар фикрича, соғлом инсонга совуқ мавсумга алоҳида тайёргарлик кўриш шарт эмас. Муҳими, йил давомида саломатлик учун фойдали одатларга амал қилишдир. Жумладан, мувозанатли овқатланиш, етарлича ухлаш, мунтазам жисмоний фаоллик билан шуғулланиш ва очиқ ҳавода сайр қилиш тавсия этилади.
Мавсум бошида сурункали касалликлари бор инсонлар саломатлик ҳолатини назорат қилиш, зарур текширувлардан ўтиш ва даволаш усулларини ўзгартиришни даволовчи шифокор билан муҳокама қилишлари лозим.
Асосий тамойил — куздаги ҳолсизликнинг ягона сабаби бор деб ўйламаслик. Об-ҳаво ўзгариши инсоннинг ўзини ҳис қилишига таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ кўпинча бунга уйқу етишмаслиги, стресс, жисмоний фаолликнинг камайиши ва бошқа омиллар ҳам таъсир қилади.
Мунтазам кун тартибига риоя қилиш ва организмдаги ўзгаришларга эътибор бериш куз фаслини енгилроқ ўтказишга ёрдам беради. Агар ҳолсизлик аломатлари кучли бўлса ёки узоқ вақт давом этса, уларни фақат об-ҳаво ўзгариши билан боғлаш ўрнига, сабабини шифокор билан биргаликда аниқлаш тўғрироқ бўлади.
Мутахассислар кузги тушкунлик ва ҳолсизликни енгиш учун рационда витаминли озиқ-овқатни кўпайтириш, очиқ ҳавода сайр қилиш, жисмоний фаолликни сақлаш, яқинлар билан кўпроқ мулоқот қилиш, севимли машғулотларга вақт ажратиш ва иш билан дам олиш ўртасида мувозанатни сақлаш муҳимлигини таъкидлашади.
Бундан ташқари, кузнинг гўзаллигидан баҳра олиш учун олтинранг барглар орасида сайр қилиш, табиат қўйнида кўпроқ вақт ўтказиш, севимли мусиқани тинглаш, иссиқ чой ичиб, китоб мутолаа қилиш мумкин. Бундай машғулотлар дам олиш, кайфиятни кўтариш ва руҳий хотиржамликни сақлашга ёрдам беради.
Ахир, куз гўзаллиги ҳам баҳор каби тез ўтади. Шунинг учун бу фаслнинг ҳар бир кунидан баҳра олиб, унинг бетакрор манзараларидан завқланиш керак.
Г.Холдорова тайёрлади.