Лойиш шаҳарчасида бетартибликларга қачон барҳам берилади?
Самарқанд шаҳридан боришда, М-37 автомагистрал йўлининг Лойиш шаҳарчасига кираверишингиз билан йўлда таъмирлаш ишларига гувоҳ бўласиз. Узун ичакдек муддати чўзилиб келаётган бу ишлар шаҳарчада тартибсизликларни келтириб чиқармоқда.
Лойишга кириб борсангиз янада ачинарли ҳолатларга дуч келасиз. Шаҳарчанинг қоқ марказида йўл четидаги чиқиндиларга кўзингиз тушса, яқин бир ой ичида бу ерда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмаган экан, деган фикрга келишингиз табиий.
Светофор ўрнатилган жой яқинидаги автомашиналарнинг тартибсизлигини айтмаса ҳам бўлади. Шу ҳудудда ''Тўхташ мумкин эмас'' белгиси қайириб қўйилган. Гўёки қайириб қўйилса автомашиналар бемалол тўхтайверсин, деган маънони билдирадигандек.
Электр симлари учун ўрнатилган устунлар ҳам йўл белгилари учун, ҳам реклама ва эълонлар учун хизмат қилмоқда. Пиёдалар йўлакларидан пиёдалар юриб бўлмайди. Сабаби, йўлаклар тарвуз ва бошқа маҳсулотлар савдоси ҳамда автомашиналар турар жойига айланган. Ижтимоий тармоқлар орқали муҳокама қилинаётган жарималар ошиши тўғрисидаги мавзу оқдарёликлар учун қизиқмасдек гўё...
Тўлқин Сиддиқов.
Бахтиёр Мустанов олган суратлар.