Маҳалла раиси сайлови: Ишчи гуруҳ раҳбарлари ўқитилди

Жорий йилнинг май-июль ойларида юртимизда фуқаролар йиғинлари раисларининг навбатдаги сайлови ўтказилади. Айни пайтда Самарқанд вилоятида ҳам бу жараённи қонун талаблари асосида, аҳолининг уюшқоқлигида ўтказиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Маҳаллий кенгашлар қарори билан фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, туман ва шаҳар комиссиялари таркиби, сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Ўз навбатдаги фуқаролар йиғинларида сайловни ўтказувчи ишчи гуруҳлар тузилган. 

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссия томонидан шу кунларда ҳудудларда ишчи гуруҳлар раҳбарлари учун сўнгги ўқув-семинарлар ўтказилиб, сайловнинг асосий жараёнини ўтказиш бўйича тушунча берилмоқда.

Ургутда ўтказилган ўқув-семинарда тумандаги 120 маҳаллада сайлов ўтказувчи ишчи гуруҳ раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда сайловни ташкил этиш ва ўтказишда ишчи гуруҳ олдида турган вазифалар, сайлов куни овоз беришни ўтказиш тартиблари  мутахассислар томонидан батафсил тушунтирилди.

– Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш юзасидан амалдаги қонунларимизга киритилган сўнгги ўзгартиришларга мувофиқ, эндиликда маҳалла фуқаролар йиғини раиси 5 йил муддатга сайланади, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъул ходими С.Қурбонқулов. – Бўшаб қолган ўринларга сайланган раислар ҳам 5 йил фаолият кўрсатади. Сайлов муқобиллик асосида, камида икки номзод кўрсатилган ҳолда ўтказилади. Агар раисликка икки номзод кўрсатилган бўлса-ю, улардан бири сайлов куни бирор бир сабаб билан келмай қолса, сайлов бошқа кунга қолдирилади. Шунингдек, сайловда фуқаролар йиғини вакиллари иштироки билан боғлиқ норма ҳам аниқ белгиланган ва сайлов куни уларнинг қанчаси қатнашаётганига алоҳида эътибор бериш керак. Саноқ комиссиясининг иши ҳам жараёндаги муҳим жиҳат ҳисобланади. Умуман, сайлов куни ишчи гуруҳнинг ҳар бир хатти-ҳаракати қонун талабларига тўла мос бўлиши сайловнинг адолатли ўтишини таъминлайди.

Ўқув-семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан жавоблар олдилар.

Вилоятда маҳалла фуқаролар йиғини раислари сайлови 1 май куни бошланади ва шу куни барча туман ва шаҳарда намунавий сайлов жараёнлари ташкил этилади.