Маҳаллий Кенгашларда ҳам ҳудудий ННТлар вакили бўлиши лозим

Давлат раҳбарининг парламентга Мурожаатномасида таъкидланганидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиши учун қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш талаб этилади.

Республика ва маҳаллий даражада қабул қилинаётган ҳужжатлар, ишлаб чиқилаётган дастурлар сидқидилдан ва тўлақонли амалга оширилса жамиятдаги мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш ва аҳолининг турмуш сифатини янада яхшилашга хизмат қилади. Ижрони ташкил қилиш жараёнида самарали назоратнинг бўлиши эса муҳим аҳамиятга эга.

Президентимизнинг таъкидлашича, амалдаги назорат тизими кўпроқ формал тусга эга бўлиб, ижрони ташкил этишдаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишга йўналтирилмаяпти. Шундан келиб чиқиб, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назорати кенг йўлга қўйилади. Жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” жорий қилинади. Бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар фаол жалб этилади.

Кучли фуқаролик жамияти шаклланган давлатларда жамоатчилик назорати механизми самарали ишлайди. Мамлакатимизда ҳам 2019 йилда ташкил этилган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига Давлат дастурлари ижросининг мониторингини жамоатчилик назорати тартибида олиб бориш вазифаси юклатилган. Бугунги кунгача бўлган фаолияти давомида Ҳаракат томонидан етарлича тажриба тўпланди. Жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини амалиётга жорий этиш борасида, бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг фаол иштирокини таъминлаш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Мурожаатномада мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари жалб этилиши, шунингдек, парламент қуйи палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институти жорий этилиши таклиф қилинди. Бу, албатта, ҳозирги шароитда жуда ўринли ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларни янада иштиёқ билан ишлашга ундовчи муҳим қадам бўлди.

Шу билан биргаликда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳам ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакили бўлиши ҳамда ушбу вакил маҳаллий Кенгашлар сессияларида иштирок этиш, қабул қилинаётган қарорларга таъсирчан жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик масалаларини киритиш бўйича таклифлар бериш ваколатига ҳам эга бўлиши янаям мақсадга мувофиқ бўлади.

Зафар Каримов,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси раҳбари.