Марказий ҳарбий округдаги ҳарбий қисм карантин пайтида “текширилди”
Жорий йил 15-16 апрел кунлари Марказий ҳарбий округга қарашли Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисм тўсатдан текширилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
Режага асосан округ қўмондонлик томонидан берилган “Йиғин” сигналига мувофиқ, шахсий таркиб қисқа вақт ичида жанговар шай ҳолатга келтирилди.
Жанговар техникалар бирин-кетин коллонага қўйилиб, белгиланган вақт ичида мобил қўмондонлик пунктлари ёйилди.
Текширув мобайнида асосий эътибор ҳарбий қисмнинг белгиланган вақтда вазифани бажара олиш қобилиятига қаратилди. Шу билан бирга, шахсий таркибнинг мутахассисликлар бўйича бутланганлиги ҳамда амалий кўникмалари текширилди.
Навбатдаги вазифа қисман ҳарбий тайёргарликка эга бўлган шартли душманни яксон қилиш бўлди. Бир гуруҳ ноқонуний қуролланган шахслар ҳақидаги маълумотлар ўз тасдиғини топгач, жанговар бўлинма ҳаракатга келди.
Алоқа воситаларининг самарали қўлланилиши сифатли бошқарувни таъминлади. Бошқарув бор жойда эса ғалабага эришилади.
Жанговар бўлинма томонидан жанговар топшириқни бажаришдаги тактик ҳаракатлар, жанговар иккилик ва учлик билан шартли душман яксон этилгани ҳақидаги маълумотлар мобил қўмондонлик пункти орқали юқори қўмондонликка маълум қилинди.
Округ қўмондонлиги ҳарбий қисм қўйилган вазифани аъло даражада бажарганини қайд этди.