“Мармар” бозорида байрам ярмаркаси
Самарқанд шаҳри куни муносабати билан арзонлаштирилган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди.
Шаҳарнинг “Мармар” деҳқон бозорида вилоятимизнинг Самарқанд, Тойлоқ, Каттақўрғон, Қўшработ, Иштихон ва Паст Дарғом туманларида фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган сифатли маҳсулотлар арзон нархларда сотилмоқда.
- Бу галги ярмаркага 30 тонна картошка, 10 тонна пиёз, 5 тоннадан сабзи, карам, шолғом ва полиз маҳсулотлари келтирганмиз, - дейди Паст Дарғом туманидаги “Дилафрўз” фермер хўжалиги раҳбари Умида Булакова. – Самарқандликлар ва шаҳар меҳмонларининг байрам дастурхонлари тўкин бўлиши учун маҳсулотларни арзон нархларда сотяпмиз. Масалан, картошканинг бир килограми 3 минг сўм, сабзи, шолғом, пиёз 2 минг сўмдан, карам эса 1,5 минг сўмдан сотиляпти.
Шунингдек, байрам ярмаркасида гўштнинг килоси 65 минг сўм, шакар 12 минг сўмдан, 5 литрлик пахта ёғи эса 97 минг сўмдан сотиляпти.
- Ҳар байрам арафасида шаҳримизда арзонлаштирилган ярмарка ташкил этилиши анъанага айланган, - дейди меҳнат фахрийси Асқар Қаршиев. - Қўшработнинг Пангатидан келтирилган “Голден” навли олманинг килосини 5 минг сўмдан, Каттақўрғон тумани фермерлари етиштирган Толстолоб балиғини эса 15 минг сўмдан харид қилдим. Бошқа маҳсулотлар ҳам бозорникидан анча арзон.
Ярмаркада хорижлик сайёҳларни ҳам учратасиз. Улар ҳам бу ердаги сифатли маҳсулотлар арзон нархларда сотилаётганидан хурсанд.
Самарқандга бўлган саёҳатим байрам кунларига тўғри келганидан хурсандман, - дейди япониялик сайёҳ Хана Кавашима. – Шаҳар жуда гўзал. Бозорда нархлар арзон ва сифатли. Масалан, асал асалари инида келтирилгани билан эътиборимни тортди. Хар хил асал бор экан. Тоғ асалининг килограми 70 минг сўмдан сотиляпти. Виза картамдаги пулимни нақдлаштиришда ҳам муаммо йўқ. Бозорда банкнинг сайёр кассаси ишлаб турибди.
Шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасида вилоятимизнинг ишлаб чиқариш корхоналари ва ҳунармандлари томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг ҳам арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилган.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).