Янги йил ярмаркасидаги маҳсулотлар сифатли(ми)?
– Давлат томонидан бериладиган нафақа ҳисобига кун кечираман, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Саодат Нуралиева. – Бозор ва савдо дўконларида озиқ-овқатларнинг нархи ошиб кетаётганлиги сабабли кейинги пайтларда оладиган пулимни етказишга қийналяпман. Кеча қўшнимиз “Мармар деҳқон бозори“да янги йил ярмаркаси очилганини ва у ердаги маҳсулотлар арзон нархларда сотилаётганини айтди. Қўшнимнинг гапларига қизиқиб, шу бозордан харид қилишга келдим. Тўғриси, нархларни кўриб, жуда хурсанд бўлдим ва Янги йил байрами учун керакли егуликларни сотиб олдим.
Мазкур бозорда 1 килограмм мол ва қўй гўшти 32 минг сўм, 1 килограмм товуқ гўшти 15 минг сўм, 1 дона тухум 500 сўм ҳамда шу каби бошқа 26 турдаги маҳсулот белгиланган нархларда сотилмоқда. Яроқлилик муддатлари текширилиб, масъул назорат ходимларининг рухсати билан савдо терминаллари орқали сотиляпти.
– Ҳар куни 80-100 килограмдан гўшт ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эл дастурхонига етказяпман, – дейди қўшработлик Учқун Назаров. – Чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланаман. Шу боис ўзим етиштирган маҳсулотни дўконларга нисбатан арзон сотсам ҳам кам даромад бўлмайди.
А.ПЎЛАТОВ.