Янги йилни биз билан бирга нишонламайдиган мамлакатлар
Биз кўпинча Янги йилни умумий байрам деб ўйлаймиз. Сайёрамизда Янги йилни бутунлай бошқа вақтда нишонлайдиган кўплаб халқлар бор.
ХИТОЙ
Хитойда Янги йил бошқа жойларга қараганда анча кеч келади, шунинг учун шарқий тақвим бўйича йил "эгаси" қайси ҳайвон бўлмасин у ўз йилига кейинроқ эгалик қила бошлайди. Анъанага кўра, бу 21 декабрдан кейинги иккинчи янги чиққан ой кунига тўғри келади. Хитойда Янги йил жуда ёрқин нишонланади, мушаклар отилади, чироқлар ёқилиб, ранг-баранг фестиваллар ўтказилади.
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ
Жанубий Корея ҳам Янги йилни хитойликлар билан бир вақтда нишонлайди ва улар бу байрамни Соллаль деб атайди. Яқинда улар анъанавий Соллалга содиқ қолган ҳолда Янги йилни 1 январь кунида нишонлай бошлашди. Хитойликлардан фарқли ўлароқ, Кореяда байрам уч кун давомида, асосан, оилада нишонланади. Шунингдек, мамлакатда Янги йил қуёшининг биринчи нурларини кузатиш учун байрамни мамлакат Шарқида нишонлашнинг ўзига хос анъанаси мавжуд.
БАЛИ
Сайёҳлар орасида машҳур бўлган ушбу Индонезия ороли иккита Янги йилни - биринчиси бутун дунё каби, иккинчиси эса Бали тақвимига кўра баҳорда, тенгкунлик кунида нишонлайди. Афсонага кўра, бу тақвим Индонезияга Ява қироли томонидан олиб келинган. Эрамизнинг 78 йилидан бери қўлланилиб келинадиган тақвимига кўра, оролда 2024 йил ўрнига 1946 йил кириб келмоқда.
САУДИЯ АРАБИСТОНИ
Мамлакатда Янги йилни Григориан календарига кўра нишонлаш қонуний равишда тақиқланган. 1 январь куни арафасида сиз байрам рамзларини сотиб ололмайсиз ёки қувончни ифода эта олмайсиз ва бу сайёҳларга ҳам тегишли. Мамлакатда Янги йил байрами 622 йилда ҳосил бўлган ҳижрий тақвим бўйича нишонланади.
ИСРОИЛ
Исроилда ҳам Янги йил бутун дунёдан алоҳида, яъни кузда нишонланади. Ушбу байрам Рош ха-Шана деб аталади ва анъанавий равишда Тишрей ойининг янги ой чиққан кунида нишонланади. Шу сабабли байрам санаси ҳар йили ўзгаради. Айтганча, Исроил ҳозир бутун дунёда бўлгани каби 2023 йилда эмас, балки 5784 йилда яшайди.
ҲИНДИСТОН
Ушбу кўп маданиятли мамлакатда Янги йилни нишонлаш учун аниқ бир сана йўқ. Ҳар бир штат (у ерда 29 та) аҳолисининг динига қараб, Янги йил санасини белгилайди. Шу тарзда мамлакатда йил бошланиши энг камида тахминан тўрт марта нишонланади. Аҳоли орасида оммабоп бўлган Янги йилни анъанавий 1 январь кунида нишонлаш нисбатан яқинда бошланди.
БАНГЛАДЕШ
Диний эътиқодидан қатъи назар, мамлакатдаги Бангладеш, Ғарбий Бенгалия ва Ҳиндистоннинг баъзи жамоаларида яшайдиган бенгалликлар Бенгал Янги йилини нишонлайдилар. Одатда сана ҳиндларнинг қуёш тақвимига асосланиб, Бангладешда Янги йил 14-15 апрелда нишонланади.
ЭФИОПИЯ
Эфиопия бутун дунёдан фарқли ўлароқ, Юлиан тақвими бўйича яшайди. Бу ерда “Энкутаташ” деб аталадиган Янги йил байрами 12 сентябрда нишонланади. Бу кун, шунингдек, ёмғирли мавсумнинг тугаши ва ҳосил байрами сифатида нишонланади. Айтганча, Эфиопияда тақвим ҳам бошқача, мамлакат янги минг йилликка фақат 2008 йилда кирди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.