Янги йилда турли мамлакатларда арча ўрнига қайси ўсимликлар безатилади?
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида Янги йил байрамида дарахтларни безаш анъанаси бор, лекин бу ҳар доим ҳам арча эмас. Масалан, Никарагуада Янги йил байрамида уйни қизил (пишмаган) қаҳва дарахти шохлари ва меваси билан безаш одат тусига кирган.
* Бали (Индонезия)да Янги йил куни гуруч пояларидан баланд устунлар қурилиб, улар турли рангларда бўялади.
* Бразилияда Янги йил арчалари қоғоз, дарахт пўстлоғи, мато бўлаклари ва бошқа ёрқин материаллардан тайёрланади. Бразилияликлар ҳам ҳар қандай дарахт ва буталарни гулчамбарлар билан безашади.
* Ҳиндистонда турфа гуллардан тайёрланган гулчамбарлар анъанавий байрам безаклари ҳисобланади.
* Инглизлар Янги йилда ҳаёт, унумдорлик ва саломатлик рамзи бўлган ҳар доим яшил омела бутасининг шохларини қизил лента билан боғлаб, бутун уй бўйлаб осиб чиқишади. Шунингдек, британияликлар ўз уйини табиатнинг ўзгармас рамзи бўлган печак ва найзабарг билан безашади.
* Кубада арча вазифасини пальма дарахтлари бажаради.
* Вьетнамда Янги йил байрамлари дао деб аталадиган гуллаган шафтоли дарахти билан боғлиқ. Вьетнамликлар ўз уйларининг ўртасида қўнғироқчалар ва сопол балиқ ҳайкалчалар билан безалган баланд бамбук композициясини тайёрлашади.
* Японияда Янги йил композицияси таркиби бамбук, қарағай, олхўри ва мандарин шохларидан иборат ва у кадомацу деб аталади.
* Австралияда анъанавий байрам дарахтлари арча, кедр ва қарағайдир, аммо уларни бошқа қитъалардан олиб келиш керак. Шунинг учун австралияликлар кўпинча ўз уйларини метросидерос деб номланган ёрқин, тўқ қизил гулли ўсимлик билан безашади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.