Курсилар "учади", Қорбобо хўтикчада келади, бочка ёқилади ёхуд дунё мамлакатлари Янги йилни қандай кутиши ҳақида
Ҳар бир мамлакат, ҳар бир халқнинг миллий анъаналари билан боғлиқ байрамлари бор. Улар ким учундир ғайриоддий туюлса, ким учундир кулгили кўринади.
Санта Клаус хўтикчада келади
Немислар Санта Клаус эшакка минади, деб ҳисоблашади. Шунинг учун болалар уни кутаётиб, пойабзалига пичан солиб олишади.
Дазмол ва эски стуллар деразадан улоқтирилади
Италиянинг Қорбобоси - Баббо Натале. Италияда Янги йил барча эски нарсалардан озод бўлиши керак ва одамлар буни иштиёқ билан бажаришади: эски дазмол, стул ва бошқа тақир-туқур деразадан "учади", ўрнини янгилари эгаллайди. Янги йил дастурхонида албатта, узоқ умр, саломатлик ва фаровонлик рамзи - ёнғоқ, ясмиқ ва узум бўлади.
Қизил кийим - муҳаббат, сариғи - пул
Эквадорда муҳаббат бобида бахт истаган - қизил кийим, пул қордай ёғилишини хоҳласа, соат 12:00 да бонг урилиши биланоқ сариқ рангли кийим кийиш керак. Кўнгилсизликдан халос бўлишнинг яна бир йўли - сувга тўла шиша идишни улоқтириб синдириш.
Ёруғлик байрами
Биринчилардан арча учун шиша безакларини тақдим этган Швеция Янги йил куни уй ва кўча чироқларини ёқиб қўйишади. Болалар ёруғлик маликаси Лусияни кутишади.
Музлаткичлар "учади"
Жанубий Африкада ҳам Янги йил байрамида деразалар остида юрмаган яхши. Полиция маҳаллаларни йўл ҳаракати учун ёпади – деразадан музлаткичлар улоқтирилади.
"Откритка"лар юрти
Англияда Янги йил куни болалар учун эртаклар асосидаги спектаклларни саҳналаштириш одатга айланган. Янги йил арафасида кўчалар ўйинчоқ, ҳуштак, чийиллоқ, ниқоб ва шарларга тўлади, "откритка"лар алмашинади.
Қора ловия - омад
АҚШда Янги йил кириб келиши билан кўчаларда машиналар сигнал беради. Омад келтирувчи анъанавий қора ловия таом ейишга киришилади.
Эски йил "ёқилади"
Шотландияда Янги йил байрами "Хогмани" деб аталади. Кўчаларда байрам Роберт Бёрнс қўшиғи билан бошланади. Бочкаларга ўт қўйилиб, кўчалар бўйлаб ўтилади, яъни эски йил "ёқилиб", Янги йил тантанали кутиб олинади. Меҳмон, албатта, каминга ташлаш учун ўзи билан бир парча кўмир олиб келиши шарт. Шу куни эшиклар ёпилмайди.
Янги йил зоғорабалиқ елкасида келади
Янги йил, баҳор байрами, Тет - бу Вьетнамнинг Янги йил байрамлари номи. Рамзи - гуллаган шафтоли шохлари ҳар бир уйда бўлади. Вьетнамда Янги йил ой тақвимига кўра, эрта баҳорда - 21 январдан 19 февралгача нишонланади.
Қуёш чиқиши - Янги йил
Непалда Янги йил қуёш чиқиши билан нишонланади. Кечаси, ой тўлганида непалликлар катта гулхан ёқади ва кераксиз нарсаларни оловга ташлайди. Эртаси куни "Ранглар фестивали" бошланади. Одамлар, атроф рангларга бўялади.
Санта Клаус ватани
Қорли Финландияда асосий қиш байрами - 25 декабрда нишонланадиган Рождество. Рождество оқшомида Лапландиядан узоқ сафарни босиб ўтган Санта болаларга совға улашишга ошиқади.
Деразалардан сув қуйилади
Кубада Янги йил байрами "Шоҳлар куни" деб номланади. Сеҳргар шоҳлар Балтазар, Гаспар ва Мелчор болаларга совғалар улашади. Кубаликлар уйдаги барча идишларни сув билан тўлдиришади, ярим тунда йилнинг сувдай тиниқ ва сероб келиши учун сувни деразадан сочишади.
Шовқинли Янги йил
Панамада ярим тунда кириб келаётган йилнинг "ҳовурини босиш" учун қўнғироқлар жиринглайди, сиреналар чинқиради, машиналар сигнал беради, одамлар баланд овозда қичқиради.
Ҳуштак чалинади
Венгрияда Янги йилнинг "ҳал қилувчи" илк сониясида ҳуштак чалишни афзал кўришади. Бунда ёвуз руҳлар ҳайдалиб, қувонч ва фаровонлик чақирилади. Венгерлар Янги йил таомининг сеҳрли кучига ишонади: ловия, нок - руҳ ва тана кучи, олма - гўзаллик ва муҳаббат, ёнғоқ - ёмонлик ҳимояси, саримсоқ - касаллик ва асал - ширин ҳаёт.
Энг яхши совға - хаскаш
Япон болалари Янги йилни янги кийимда кутиб олишади. Янги йил арафасида улар ёстиғи остига еттита эртак сеҳргари - бахтнинг етти ҳомийси сузиб юрган елканли қайиқ расмини жойлайди. Дастурхондаги таом ҳам рамзий маънога эга: макарон - узоқ умр, гуруч – фаровонлик, зоғора балиқ – куч, ловия – саломатлик.
Янги йилда бойлик ва омадни йиғиш учун хаскаш совға қилишади.
Г.Холдорова тайёрлади.