Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасига ўзгартириш киритилди
Фуқаролар даромади, турмуш даражасини ошириш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтириш, шунингдек, меҳнатига кам ҳақ тўланадиган ходимлар иш ҳақи миқдорини жадал равишда оширишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 18 январда "Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасига ўзгартириш киритиш ҳақида" қарор қабул қилди.
Ушбу қарор Президентимизнинг 2018 йил 13 октябрдаги "Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида"ги фармони асосида меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг қуйи разрядлари тариф коэффициентларини ўртача 10 фоизга, шу жумладан, 1-разряд буйича 15 фоизга, 2-разряд буйича 10 фоизга ва 3-разряд буйича 5 фоизга ошириш тўғрисидаги топшириғига асосан ишлаб чиқилган.
Аввал амалда бўлган коэффициент бўйича 1-разрядли ходимга (2,476 х 202 730) 501 минг 959 сўм миқдорида бир ойлик иш ҳақи тўланган (2018 йил 1 ноябрдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам ойлик иш ҳақи 202 730 сўм). 2-разряд тариф коэффициенти (2.725 х 202 730) бўйича бир ойлик иш ҳақи 552 минг 439 сўм, 3-разряд тариф коэффициенти (2.998 х 202 730) бўйича бир ойлик иш ҳақи 607 784 сўм бўлган. Фармонга кўра, эндиликда 1-разряд тариф коэффициенти бўйича ойлик иш ҳақи (2.847 х 202 730) 577 минг 172 сўм, 2-разряд тариф коэффициенти бўйича (2.997 х 202 730) 607 минг 582 сўм ва 3-разряд тариф коэффициенти бўйича (3,148 х 202 730) 638 минг 194 сўмни ташкил қилади.
Шунингдек, фармонда хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотларга уларнинг молиявий имкониятларидан ва хўжалик фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш учун асос сифатида ягона тариф сеткасининг оширилган тариф коэффициентларини белгилаш ҳуқуқи берилган.
Улуғбек КАМОЛОВ, вилоят молия бош бошқармаси бошлиғининг
биринчи ўринбосари.