Нурободда ишлаётган шифокорларга тўланмаган маблағлар ундириб берилди

Фуқаро Ш.Қудратова ҳамда Р.Қувондиқов Нуробод тумани тиббиёт бирлашмасининг Жом ҳудудий бўлими ва Ибн Сино номли 15-сон оилавий поликлиникасининг оила шифокори вазифаларида, шу билан бирга Р.Қувондиқов тегишли буйруққа мувофиқ ўриндошлик асосида Паст Дарғом тумани ҳудудидан келиб, фаолият юритган. Аммо уларга 30 миллион сўмдан бир марталик пул маблағи ҳамда БҲМнинг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик ижара пули тўланмаган.

Президентнинг 2020 йилдаги фармони 6-банди талабига кўра, “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга ишга қабул қилинганда уларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи, уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй-жойлари берилиши ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик ижара тўловлари Давлат бюджетидан компенсасия қилиниши белгиланган.

Шунингдек, мазкур имкониятлардан фойдаланиш учун шифокорлар билан вилоят ҳокимлиги ўртасида шартнома тузилиши, ушбу дастурини молиялаштириш вилоятлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан амалга оширилиши зарур.

Фуқаролар бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қонуний манфаатлари таъминланишини сўраб, Нуробод туман адлия бўлимига мурожаат қилишди.

Туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Н.Рўзиев берган маълумотларга кўра, адлия бўлими ходимларининг аралашуви билан уларга пул маблағлари ундириб берилди.

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими.