Нега аёллар узоқ умр кўради?

Онам ва дадам телевизор кўриб ўтиришганди. Шунда онам: "Чарчадим, кеч бўлди, ухлагани кетдим", деб қолди.
Шундан сўнг, ловияни ивитиш учун сув солинган идишга солди, эртанги кечки овқат учун музлаткичдан гўштни олиб қўйди, нонуштага сариёғ етамидими-йўқми текширди, шакардонга шакар солди, стол устига ликопчаларни териб қўйди, ҳар бирининг ёнига қошиқларни қўйиб чиқди...
Шундан сўнг, баъзи кийимларнинг узилиб кетган тугмаларини тикди, намларини дорга осиб қўйди. Хона бўйлаб сочилиб ётган ўйинчоқларни йиғди. Гулларга сув қуйиб чиқди, чиқиқинди идиш учун янги пакет солди ва ғижим бўлиб қолган сочиқни тўғрилаб қўйди. Сўнг ётоқхона томон юрди.
Бир дақиқага тўхтаб, ўқитувчига хабар ёзди, эртанги экскурсия учун укамнинг сумкасига пул солиб қўйди ва стул устида турган китобни олиб қўйди. Кейин эса юзларига крем сурди, тишларини ювди.
— Ухлашга ётмаганмидинг? — деб сўради дадам.
— Ҳозир... — деди онам.
Тишларини ювиб бўлгач, итнинг идишига сув солиб қўйди. Кириш эшигини калит билан беркитиб, йўлакдаги чироқни ўчирди. Болаларнинг ҳолидан хабар олиш учун уларнинг хонасига кирди, хонадаги чироқни ўчирди, полда ётган кўйлак билан оёқ кийимларни олиб қўйди ва кир кийим саватига олиб бориб ташлади.
Ётоқхонага кириб, соатни керакли вақтга қўйди, эртанги кун учун кийимларини тайёрлади ва шошилинч ишлар рўйхатига яна учта банд қўшиб қўйди.
Шу маҳал дадам телевизорни ўчирди ва деди: "Ухлагани ётдим". Ва ҳақиқатан ҳам тўғри ётоққа йўл олди. Кўп ўтмай ухлаб қолди.
Нега аёллар узоқ умр кўришади, биласизми? Чунки уларнинг бажаришлари керак бўлган юмушлари жудаям кўп...
©️ Саманта Вильяр ва Сара Бруннинг "Ҳамма юк елкангда бўлганида, қандай умр кечириш мумкин?" китобидан.