Нгок Тхай - ухламайдиган одам
Вьетнамлик Нгок Тхай 40 йилдан ортиқ вақтдан бери ухламайди. Ундаги доимий ҳушёрлик – осмондан тушган инъомми ёки лаънатми? Нгок Тхай 40 йиллик уйқусизлиги давомида бу саволга жавоб топа олмаган.
Таржимаи ҳоли
У 1942 йилда туғилган. Болалигида қариндошлари кичкина Нгокка нисбатан ғайриоддий бирор бир нарсани сезмаган. У ухлашда тўхтагандан сўнг машҳур бўлди. Бу 1973 йилда Нгокннинг 31 ёшида содир бўлди.
Нгок Нгуен Тхи Бай исмли аёлга уйланган. Турмуш ўртоғи уй бекаси, 4 фарзандининг ҳеч бири отасининг бу хусусиятини мерос қилиб олмаган.
Нгой Тхай нега ухламай қолган экан?
Вьетнамликда бу хусусият пайдо бўлишини тушунтириб берадиган икки тахмин бор. Иккаласи ҳам ҳақиқатга ўхшайди, бироқ уйқусизликнинг асл сабабини фақат жаноб Нгок билади. Биринчи тахминга кўра, у 1973 йилда оғир безгак касаллигига чалинган. Соғайиб кетгандан сўнг, уйқуга бўлган қизиқишни йўқотган. Бошқа тахминга кўра, жаноб Нгок Тхай бир куни қуёшда ишлаётиб жуда қизиб кетган, шундан сўнг фақат кечалари ишлай бошлаган.
Журналистлар кекса одамнинг доимо ҳушёр юриш сабабини топа олмадилар. Улар ҳатто бир марта жаноб Нгокни Дананг шаҳридаги касалхонага юборишди. Шифокорлар ғайриоддий беморни текширганда, унда ҳеч қандай камчилик топилмади. Жаноб ҳар куни машаққатли меҳнат билан шуғулланади ва у ҳеч қандай чарчоқ сезмайди.
Камералар ортидаги ҳаёт
Вьетнамликнинг феноменига қизиққан хорижий журналистлар уникига тез-тез ташриф буюриб, унинг тунги ҳаётини алоҳида қизиқиш билан кузатадилар. У эса қоронғуликда одатдаги ишларини бажаради: бамбукдан сават тўқийди, деҳқончилик билан шуғулланади. Нгок уйқусиз тунларини далада ўтказишни афзал кўради.
У ҳақида бир неча фильмлар яратилган, бироқ у катта тўловлар талаб қилмайди. Машҳур вьетнамлик оладиган барча пулларини ўз иқтисодиётини ривожлантиришга сарфлайди.
Узоқ йиллар давомида уйқусиз яшаш ажабланарли. Бундай ҳаёт тарзига эга оддий одам аллақачон ақлдан озиши мумкин. Баъзи журналистлар жаноб Нгокни ривожланган мамлакатларга боришга ва у ерда тиббий ёрдам сўрашга ундашади, чунки унинг ҳодисасини ўрганиш керак. Аммо у бундай таклифлардан рад этади, чунки у тунлари ўз уйисиз, нотаниш мамлакатда нима қилишини билмайди. Ҳаётининг маъноси меҳнатда бўлган Нгок бекор ўтиришни хоҳламайди.
Кўп йиллар давомидаги уйқусизлиги туфайли жаноб Нгок Тхай яқинлари учун жуда кўп фойдали ишлар қилди ва жанговор ҳаракатлардан талофат кўрган ўрмонни тиклади. Агар Тхай Америкада яшаганида, эҳтимол, кўплаб таниқли олимлар унга ёрдам беришни ва унинг ноёб хусусиятларини ўрганишни истаган бўлишарди. Аммо Осиёда негадир узоқ муддатли уйқусизлик ҳеч кимни қизиқтирмади, шу сабаб жаноб Нгок барча қийинчиликларини ўзи ҳал қилиб келади.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.