Ногиронликни белгилаш 2 соатдан 25 дақиқага қисқарди

Бир пайтлар ногиронликка чиқиш кўп вақт ва анчагина маблағ талаб этгани учун бўлса керак, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган ногиронлиги бўлган кишилар бу имтиёздан фойдаланмай юраверган.
Аксинча, ногиронлиги бўлмай туриб, коррупция аралашгани ҳолда ногиронлик ҳужжатига эга бўлганлар топилиб қоларди. Соҳа ходимлари ва бу билан боғлиқ масалада фаолият олиб борувчи мутахассисларнинг фикрича, эндиликда бундай бўлмайди. Тўғрироғи, иложи ҳам йўқ.
Гап шундаки, октябрь ойидан бошлаб ногиронликни белгилаш янгича тартибда, рақамлаштирилган тарзда амалга ошириладиган бўлди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Аббосов билан суҳбатлашдик.
- Ўзгаришлар бир йўналишда эмас, комплекс тарзда бошланди, - дейди Ш.Аббосов. - Мамлакатимиз раҳбарининг “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ногиронликни белгилашда илгари мавжуд бўлган қатор бўшлиқлар тўлдирилди. Инсон омили аралашуви камайтирилди. Нафақат ногиронликни белгилаш, балки зарур воситалар ажратиш, уларни иш билан таъминлаш, саломатлиги реабилитaцияси масалалари ҳам эътиборга олинди ва ушбу жараёнлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
- Жараёнларнинг энг асосийлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- Бугунга келиб ногиронликни белгилашда врачлик маслаҳат комиссиялари ўрнига оилавий шифокорлар бемор тиббий-ҳужжатларини ўрганиб, эксперт комиссиясига ўзи йўналтиради. Бу орқали вақт ва навбат анча қисқарди. Яъни, илгари фуқаро фақат маълум бир ҳудуддагина фаолият кўрсатувчи маслаҳат комиссиялари мавжуд поликлиникага мурожаат қилишга мажбур эди. Ҳозирда ўз ҳудудий поликлиникаси оилавий шифокори мурожаатни қабул қилади ва ҳужжатларни электрон тизимга киритади.
Яна бир масала. Шу пайтгача врачлик маслаҳат комиссиялар томонидан бир беморнинг ҳужжатини ўрганиш учун 40-45 минут вақт талаб этилган. Эндиликда маълумотларни тўлдиришга кетадиган вақт 2 соатдан 20-25 дақиқагача қисқарди.
Авваллари бемор касалликка алоқаси бўлмаган кўплаб текширувлардан ўтиши керак эди. Бунга мисол, оёқ ампутaциясига дучор бўлган бемордан биохимик текширувлар, қон ва пешоб умумий таҳлили, ЭКГ, рентген, терапевт, невролог, хирург ва травмотолог хулосаси талаб этилган. Бу эса бемор учун ўртача 400-500 минг сўм атрофида харажат дегани эди. Қолаверса, ногиронлиги кўриниб турган беморлар умуман текширилмасдан, фақат маълум ҳужжатлар асосида уларга ногиронлик белгиланмоқда.
Беморларни текширувлардан ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилиб, энди бемор фақат стандартда кўрсатилган текширувдан бепул ўтади.
- Аввалги стандартлар билан ҳозиргилар ўртасида қандай фарқли жиҳатлар бор?
- Илгари бундай аниқ ва батафсил мезонларнинг ўзи мавжуд эмасди. Шунинг учун ногиронликни белгилаш ҳолатлари жуда узоқ муддатга чўзилар, тушунмовчилар бўларди. Янгиликлардан энг муҳими - ногиронликни белгилашда ягона стандартлар ва электрон тизим жорий этилганида бўлди. Чунки аввал касаллик тури ва беморнинг ҳолати бўйича ногиронликни қанча муддатга, қайси гуруҳга белгилаш ҳамда реабилитaция тадбирларини аниқлаштириш ҳақида ягона стандартлар мавжуд бўлмаганлиги ва тизим рақамлаштирилмаганлиги сабаб ногиронликка доир хулосаларда ва белгилашда хатоликлар мавжуд бўлган.
Янги қарор билан ногиронликка олиб келувчи асосий касалликлар рўйхати бўйича ногиронликни ягона мезон (стандартлар) асосида электрон белгилаш имконияти яратилди. Тизим дастлаб Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида, 2025 йил 1 октябрга қадар республиканинг қолган ҳудудларида ишга туширилди.
Бунда беморнинг маълумотлари асосида ногиронлик гуруҳи ва муддати, ўзгалар парваришига, тиббий реабилитaцияга ҳамда протез мосламаси ёки реабилитaция воситасига муҳтожлигига оид маълумотлар автоматик равишда инсон омилисиз "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимида шакллантирилади.
- Протез воситалари, умуман, ногиронлиги бор кишилар учун зарур бўлган турли мосламаларни олиш қанчалик мураккаб бўлганини яхши биламиз. Таҳририятга мурожаатлар орасида айнан шу мазмундаги шикоятлар ҳам кўп эди. Бугун бу масалада қандай янгиликлар бор?
- Тўғри эслатдингиз, бу энг оғриқли масалалардан бири эди. Ногиронлиги бўлган шахслар зарур воситани олиш учун йиллаб навбатда турган. Эндиликда ногиронлиги белгиланган шахсларга эҳтиёжига қараб, ваучер берилади. Ушбу ваучер орқали фуқаро ўзи истаган корхонада ишлаб чиқарилган мосламани харид қилиши мумкин.
- Ногиронлиги бўлса ҳам “югур-югур”ларга тоқати етмай, бу имтиёздан фойдаланмай келган инсонлар ҳам кўпчиликни ташкил этарди. Бу ҳолат бугун бартараф этилаётгандир.
- Албатта. Юқорида таъкидлаганимдай, бу масаладаги ишларга комплекс тарзда ёндашилди. Хусусан, маҳаллаларда ижтимоий ходим фаолият юрита бошлади. Уларнинг асосий вазифаси сифатида айнан ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш белгиланди. Ижтимоий ходимлар шу пайтгача ногиронлиги белгиланмаган ва етарлича тиббий, ижтимоий хизмат кўрсатилмаган аҳоли аниқланиб, уларга тегишли ёрдам кўрсатилмоқда. Рақамларда ногиронлик кўрсаткичларининг ошиши ҳам шу билан боғлиқ. Бугунги кунда вилоятда 112 мингдан зиёд ногиронлиги бор фуқаролар мавжуд. Шу йилнинг ўзида уларнинг сони 3 минг нафарга ортди.
- Уларнинг даволаниши, қолаверса, ногиронлик белгилашдан аввал шифохоналардаги даволаниш муддатларида ҳам ўзгаришлар борми?
- Албатта, бор. Ногиронликни белгилашда яна бир муҳим янгилик шундан иборатки, эндиликда даволаниш муддатлари кескин қисқартирилди. Янги қарорга мувофиқ, даволаниш талаб қилмасдан (зудлик билан) ногиронлик белгиланадиган касалликлар ҳолати 48 тадан 1147 тага етказилди.
Масалан, ўпка сили оператив даводан кейинги ҳолат ва тебранувчан аритмиянинг доимий шакли 120 кун ўрнига зудлик билан эксперт комиссиясига йўлланадиган бўлди. Касаллик туридан келиб чиқиб, даволаниш муддатлари қолган ҳолатларда 30, 60, 90 ва 120 кун қилиб белгиланди. Масалан, сохта бўғимлар касаллиги 30 кун (аввал 120 кун бўлган), тўр парда кўчиши ва йиртилишида 60 кун (аввал 120 кун бўлган), лимфа безлари ракида 90 кун (аввал 120 кун бўлган) даволаниш талаб этилади.
Бу ўз навбатида ногиронликни белгилаш жараёнини тезлаштириб, фуқаролар ортиқча сарсон бўлишининг олдини олади.
Даволаниш деганда яна бир муҳим жараён, реабилитaция марказларининг асосий фаолияти ногиронлиги бўлган шахсларда замонавий жиҳозлар ёрдамида яшаш учун зарур бўлган кўникмаларини шакллантириб бориш орқали саломатлигини яхшилашга қаратилди. Шундай касалликлар борки, узоқ вақт ётиб даволанишни тақозо этади. Бундай ҳолатда беморлар руҳиятида ҳам, жисмида ҳаракатсизликка мойиллик сингиб қолади ва касаллик узоқ муддатга чўзилиб кетиши мумкин. Реабилитaция марказлари айнан шундай беморларнинг ҳаракатини яхшилаш, уларнинг оддий, кундалик шахсий эҳтиёжларини амалга оширишдаги фаоллигини кучайтиришга ёрдам беради. Вилоят реабилитaция маркази бу масалада кўплаб беморларга ёрдам бермоқда. Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари қошида ҳам беш ўринли реабилитaция бўлимлари ташкил этилди.
- Ижтимоий ҳимоя ногиронлиги бўлган шахсларнинг фақатгина тиббий жиҳатларни эмас, уларнинг моддий эҳтиёжларини ҳам назарда тутади.
- Албатта, шундай. Қарорда бу масалалар ҳам тилга олинган. Меҳнатга лаёқати бор ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш, уларни ишга қабул қилган тадбиркорларга имтиёзлар бериш каби масалалар ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Айни пайтга қадар вилоятда беш мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойлаштирилди. Йил охиригача улар сони 8,5 минг нафарга етказилиши кўзда тутилган.
- Батафсил маълумотлар ва суҳбат учун раҳмат!
Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди.