Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олтин медаль соҳиби яқинларига Президент табриги етказилди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Aҳмедов Туризм ва спорт вазирлиги вакиллари ҳамроҳлигида Токиода Олимпиада ўйинлари рекордини янгилаб, олтин медални қўлга киритган спортчимиз Aкбар Жўраевнинг уйига бориб, унинг онаси ва яқинларига Ўзбекистон Президенти табригини етказди.

- Энг аввало спортчиларга яратилаётган шароитлар, уларга кўрсатилаётган рағбат учун Юртбошимизга катта раҳмат деймиз. Ўғлимнинг ғалабаси шуларнинг спортни ривожлантириш йўлидаги биргаликдаги меҳнати самарасидир, - дейди чемпионнинг онаси Ҳафиза Норметова.

Унинг сўзларига кўра, Aкбар Жўраев акасининг изидан бориб, тош кўтаришга қизиққан.

- Aкбарнинг дадаси раҳматли билан ўғлимизга “Aлбатта, бир кун келиб Олимпия чемпиони бўласан, Ўзбекистон байроғини кўкка кўтарасан”, дея ният қилардик. Ўзи ҳам ҳавас қилиб, “Руслан Нуритдиновдек Олимпия чемпиони бўламан” дея орзу қиларди. Мана шу кунлар ҳам келди, қувончимиз чексиз, албатта. Ўғлим ғалаба қозониши билан қўнғироқ қилиб хурсандчилиги билан бўлишди. Тани жони соғ бўлиб, доим юртимиз байроғини баланд кўтариб юришига тилакдошман, - қўшимча қилди Ҳафиза Норметова.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 август куни ҳамюртимиз Aкбар Жўраев "Токио-2020" Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритди.