Олимпиада ҳамда Паралимпия ўйинларида ғолиб бўлган самарқандлик спортчиларни ҳоким тақдирлади

Самарқанд шаҳрида Токиода бўлиб ўтган XXXII ёзги Олимпиада ва XVI Паралимпия ўйинлари ғолиблари ва иштирокчиларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов қатнашиб, барча иштирокчиларни ғалаба билан табриклади.

- Барчамиз катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатиб бордик, - деди вилоят ҳокими. - Шуни алоҳида мамнуният билан айтиб ўтмоқчиманки, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш ва унда иштирок этишнинг ўзи бир шарафдир! Шундай экан, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этган барча спортчиларимизга ва уларнинг устоз, мураббийларига алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Эришилган ҳар бир натижадан сўнг, айниқса, давлатимиз байроғи юксакликка кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янграганда барчаларимизнинг қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлди.

Энг қувонарлиси, вилоятимиздан Олимпиада ўйинларида 10 нафар, Паралимпия ўйинларида эса 4 нафар спортчиларимиз иштирок этиб, олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлди.

Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб бўлган Ҳусниддин Норбековга Қорасув массивидан уч хоналик, Парвина Самандарова ҳамда Давлат Бобоновга икки хоналик уйнинг калити топширилди.

Шунингдек, Олимпия ўйинларида қатнашиш учун лицензияни қўлга киритган спортчиларга Самарқанд шаҳридан бошланғич тўлови тўланган икки хонали уй (квартира) ҳамда уларнинг мураббийларига ташаккурнома ва 25 миллион сўмдан мукофот пули берилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.