Ургутлик пара дзюдочи Улжон Амриева давлат мукофоти билан тақдирланди
Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХVII ёзги Паралимпия ўйинлари иштирокчиси, ургутлик Улжон Амриева Президент фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Улжон Амриева 1999 йилда Ургут туманининг Этак бешкапа маҳалласида туғилган. 2020 йилда Паралимпия миллий терма жамоасига қабул қилинган. Айни пайтда у вилоят якка кураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби парадзюдо бўлими спортчиси.
- Аллоҳнинг иродаси экан, кўзимдаги нуқсон сабаб 10 йил Самарқанд шаҳридаги кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган 59-мактаб интернатида ўқиганман, - дейди Улжон Амриева. – Рости, мактабда ўқиш, яқинлардан узоқда яшаш қийин бўлган. Бироқ, устозларим ва тарбиячиларнинг эътибори, қўллаб-қувватлаши сабабли шу мактабни аъло баҳолар билан битирганман. 2013-2014 йилларда макатабимизда пара спорт турлари ривожланди ва катта ёшдаги ўқувчиларнинг мусобақаларга чиқишига қизиқиб, 2015 йилда енгил атлетиканинг югуриш тури билан шуғулланишни бошладим.
2016-2019 йилларда шаҳардаги педагогика коллежида ўқидим ва бу даврда спорт билан шуғулланишга имкон бўлмади. 2020 йилда Самарқанд давлат университетининг география факультетига ўқишга кирганимдан сўнг, Токиода бўлиб ўтган паралимпия ўйинларида пара спортчиларимиз эришаётган ютуқларни кўриб, пара дзюдога қизиқишим ошди ва шогирдлари чемпион бўлган Дилноза Баҳромова қўл остида шуғулланишни бошладим. 2023 йил май ойида терма жамоага қабул қилиндим ва август ойидан халқаро мусобақаларга чиқа бошладим.
Хусусан, Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган парадзюдо бўйича гран-при турнирида, Лондондаги жаҳон ўйинлари мусобақасида, Хитойда ўтказилган параосиё ўйинларида бронза медалларини қўлга киритдим. Жорий йилнинг 17-18 февраль кунлари Германияда ўтказилган IBSA гран-присида эса 57 килограмм вазн тоифасида чемпион бўлдим. Қисқа фурсатда нуфузли мусобақаларда эришган бу ютуқларим бесамар кетмади ва Париждаги Паралимпия ўйинларига йўлланма олдим.
Париждаги Паралимпия ўйинлари мусобақаси жараёнларига ҳам етиб бордим, курашдим. Аммо бироз омад ёки тажриба етишмадими, имкониятни бой бердим. Аслида, бундай нуфузли мусобақада иштирок этишнинг ўзи мен учун катта бахт ва тажриба бўлди.
Мусобақадан сўнг президентимиз Паралимпия ўйинларида фаол қатнашган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳини мукофотладилар. Тўғриси, улар орасида мен ҳам борлигимни эшитиб, жуда хурсанд бўлдим.
Ҳаракатларимни эътиборга олиб, Президентимиз “Шуҳрат” медали билан тақдирлади. Албатта, бу ишончга муносиб бўлиб, кейинги мусобақаларда олтин медални қўлга киритиш учун ҳаракат қиламан.
- Олти нафар фарзандимиз бор, Улжоной тўртинчиси, - дейди Улжон Амриеванинг онаси Гуллола Наримова. - Қизим Самарқанд шаҳридаги кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган 59-мактаб интернатида ўқиган. Ёшлигидан бироз эркароқ, шўх, ўғил болаларга ўхшарди. Нимагадир эришишни мақсад қилса, унга эришмагунча ҳаракатдан тўхтамас эди. Шунинг учунми, кўпроқ спортга қизиқди, терма жамоага қабул қилиниб, нуфузли мусобақалар ғолиби ва совриндори бўлди. Яқинда ўтказилган Паралимпия ўйинларида ҳам иштирок этди, бироқ ўрин ололмаган бўлса ҳам муносиб курашди. Президентимиз қизимни қўллаб-қувватлаб “Шуҳрат” медали билан тақдирлади. Бундай эътибор фарзандларимизни ғалабаларга етаклаши шубҳасиз.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.