Самарқандлик пара енгил атлетикачи Параосиё ўйинларида бронза медални қўлга киритди
Бугун, 23 октябрь куни Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бошланган Параосиё ўйинларида қитъанинг 43 давлатидан тўрт минг нафар пара атлетлар иштирок этмоқда.
Мусобақаларда Ўзбекистон делегацияси таркибида 108 нафар пара спортчи 11 спорт тури бўйича қатнашмоқда.
Айни пайтда Параосиё ўйинларида иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоасининг илк кунги баҳслардаги медаллари сони тўрттага етди. Пара енгил атлетиканинг эркаклар ўртасида F32 классида клаб улоқтириш бўйича баҳсларда самарқандлик Сарвар Азимов 39.13 метр натижа билан бронза медалини қўлга киритди.
Бугун ўзбекистонлик пара атлетлар 9 спорт тури бўйича баҳсларда иштирок этади. Улар орасида тўққиз нафар самарқандлик пара спортчи юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Пара енгил атлетика:
Сарвар Азимов;
Урганчбек Эгамназаров.
Пара дзюдо:
Улжон Амриева;
Суҳроб Шукуров;
Кемран Нуруллаев.
Пара шахмат:
Амрилло Абдуллаев;
Райҳона Шарипова;
Дурдона Жуманова.
Пара таэквондо:
Санжар Мухторов.
Маълумот учун: вакилларимиз пара шахмат, пара каноэ, пара академик эшкак эшиш, пара велоспорт, пара таэквондо ва пара стол тенниси дастурлари бўйича илк маротаба баҳсларга киришади. Пара ўқ отиш, пара стол тенниси, пара енгил атлетика, пара дзюдо, пара таэквондо, пара пауэрлифтинг, пара велоспорт, пара каноэ, пара академик эшкак эшиш, пара сузиш дастурларида паралимпиячиларимиз медаллар билан бир қаторда, келгуси йил Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган паралимпия ўйинлари лицензиялари ҳамда рейтинг очколари учун ҳам беллашади.