Самарқандда 47 та дорихона ўрганилганда 35 тасида камчилик аниқланган
Рақобат қўмитасига жисмоний ва юридик шахслардан коммунал, реклама ва ижтимоий хизматлар соҳасида келиб тушган мурожаатлар ўзининг ижобий ечимини топмоқда. Хусусан, Самарқанд вилоятида дорихонада асоссиз олинган 15 миллион 800 минг сўмга яқин маблағ истеъмолчиларга қайтариладиган бўлди.
2025 йил бошидан бугунги кунгача қўмитанинг “Fair Tech” ягона ахборот тизими орқали 47 та дорихона ўрганилган бўлиб, улардан 35 тасига нисбатан иш қўзғатилган.
Мисол учун, ўрганишларда “Jannat shifo” МЧЖ 2025 йил 1 январдан 2025 йил 1 декабрига қадар 15 432 та ҳолатда дори воситаларини сотишда белгиланган чекланган савдо устамаларига риоя этмагани аниқланган.
Ҳудудий бошқарма махсус комиссияси қарорига кўра, “Jannat shifo” МЧЖ томонидан белгиланган устамаларни ошириб қўлланилиши оқибатида 15 миллион 800 минг сўмга яқин миқдорида асоссиз олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича кўрсатма берилган.