Ўт ўчирувчилар энди ИИВ ходими эмас
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда янгича тизим татбиқ этилмоқда. Президентнинг 10 апрелдаги фармони ва қарори билан Ёнғин хавфсизлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бераяпти.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига:
ИИВдан Ёнғин хавфсизлиги Бош Бошқармаси, унинг ҳудудий ва таркибий тузилмалари ҳамда Ёнғин хавфсизлиги институти; Мудофаа вазирлигидан Гидрометеорологик жараёнларга таъсир кўрсатишни бошқарув хизмати берилди.
Гидрометеорология хизмати маркази Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилди.
Энди ёнғин хавфсизлиги қуйи тузилмалари базасида фавқулодда вазиятлар бўлимлари ва ёнғин-қутқарув тузилмалари ташкил этилиб, уларга ёнғинларни бартараф этиш билан бирга қутқарув ишларини амалга ошириш вазифалари ҳам юклатилди.
Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва бошқариш миллий маркази ҳамда ҳудудий тезкор бошқарув марказлари ташкил этилиб, уларга аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида мониторинг ва прогнозлаш ваколатлари берилди.
Нукус, Қарши, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида йирик фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун мўлжалланган ҳудудий ёнғин-қутқарув отрядлари ташкил этилмоқда.
Илмий ишларни ривожлантириш ва кадрларни тайёрлаш соҳасида ягона тизимни ташкил этиш мақсадида:
Ёнғин хавфсизлиги институти академияга айлантирилмоқда;
Фавқулодда вазиятлар муаммолари ва ёнғин хавфсизлиги илмий-тадқиқот институти, Ёнғин-қутқарувчиларнинг бошланғич тайёргарлиги ва малакасини ошириш маркази ҳамда олий ҳарбий-таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ёшларни тайёрлаш бўйича ихтисослаштирилган лицей ташкил қилинмоқда.
Ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармалари таркибида ҳаётий фаолият хавфсизлиги марказлари ташкил қилинади. Ушбу марказларда аҳоли фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишга ўргатилади.