Ўтиш қийин бўлмоқдами? Ёхуд биз ўзимизни қачон топамиз?

Биламизки, совет давлати даврида жамиятдаги ҳар қандай мафкура инкор этилиб, инсонларнинг онги ягона – коммунистик мафкурага бўйсундирилди. Мафкура бўйича узундан узоқ рўйхатларни тўлдирувчи ташкилотлар бунёд қилиниб, коммунистик мафкура юзлаб кўринишда, бир неча юз хил услублар билан тарғиб қилинди. Бунда, тарқатма материаллар, деярли барча давлат ташкилотларига осилган турли шиорлар, адабиёт, тарих фанларидан фойдаланилди. Ишга жойлашиш, ўқиш, уйли бўлиш, умуман инсон жамиятда ўзини инсондек ҳис этиш учун маълум бир мафкуравий талаблар ўрнатилдики, бу коммунистик мафкуранинг янада кенгроқ ёйилишига олиб келди. 

Юқори малакали мафкурачиларнинг саъй-ҳаракатлари билан қўлланилган услублар натижасида коммунистик мафкура таъсирида узоқ йиллар ўзбек давлатчилиги рамзларидан бири бўлган Амир Темурдек шахс босқинчи аталди, уни исботлаш учун мақолалар ёзилди, рисолалар битилди.  Ёки Туркистонда совет ҳокимиятига қарши курашган миллат фидоийлари “ватан хоини”, “халқ душмани”, “босмачи” деб аталди. Айтиб ўтилганидек, бу ишда турли воситалардан фойдаланилди. Ана шундай воситалардан бири бу мамалакатимиз бўйлаб барча ҳудудларга ўрнатилган турли шахсларнинг ҳайкаллари эди. Улар тарихимизга мутлақо алоқаси бўлмаган, ҳатто ватанимизни вайронага айлантирган бўлса-да, “буюклар” сифатида инсонлар онгига синдирилди.  

Самарқанд вилоятида ҳам бундай ҳайкаллардан бир нечаси ўрнатилганди. Масалан, большевиклар доҳийси Владимир Ленин ҳайкали вилоят ҳокимияти яқинида, шаҳар касалхонаси ҳовлисида, темирйўл вокзали олдида, “Красный двигатель” заводи ҳудудида, шунингдек, деярли барча туманлар ва улардаги шу номли хўжаликларда мавжуд эди. 

Минглаб ватандошларимизни қатағон қилган И.Сталин ҳайкали эса Регистон майдони яқинида, “Кинап” заводи ичида савлат тўкиб турарди. Бундан ташқари, бу икки “доҳий”нинг портретлари корхона ва ташкилотлардаги ҳар бир хонада бўларди. 

Вилоят туманлари ичида ҳайкаллар сони бўйича Каттақўрғон тумани ва Иштихон туманлари етакчилик қилган. Бу туманларда Ленин, Карл Маркс, Эрнест Тельман, С.Киров, Куйбешев, Фрунзе ҳайкаллари жуда кўп эди. 

Келтириб ўтилган ҳайкаллар билан боғлиқ маълумотлар Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондларида сақланиб қолганларидир. Аслида бундай ҳайкаллар вилоятнинг ҳар бир бурчагида ўрнатилган эди. Ёдгорликлари ўрнатилган шахслар нафақат тарихимизга бегона, балки шаҳарларимизни вайрон қилган шахслар эди. Масалан, Самарқанд шаҳридаги марказий кўчага ва вилоятдаги турли жамоа хўжаликларига номи берилиб ҳайкаллари ўрнатилган М.Фрунзенинг Бухоро шаҳрини тўплардан ўққа тутиб, вайрон қилганини биров билардими? Табиийки, бу ҳақда лом-мим дейилмаган. Бевосита тарихимиз билан боғлиқ шахслардан Навоий ва Жомий ҳайкаллари композицияси, Садриддин Айний ҳайкали, Йўлдош Охунбобоевнинг ҳайкали, О.Маҳмудов ҳайкаллари ўрнатилган эди, холос. 

Мустақилликка эришганимиздан сўнг юқоридаги бизга бегона бўлган шахслар ҳайкаллар олиб ташланди. Кейинги йилларда И.Каримов ҳайкали шу номли кўчада, Рудакий кўчасида Рудакий ҳайкали, Фирдавсий кўчасида Фирдавсий ҳайкали ўрнатилди. Бир вақтлар Тошкент кўчасига ўрнатилган Навоий ва Жомий ҳайкаллари композицияси Навоий истироҳат боғига қайта ўрнатилди. Самарқанд шаҳридаги 641 та кўча қайта номланди, биз учун бегона бўлган номлар олиб ташланди. Бироқ ҳали-ҳамон одамлар томонидан кўчалар, жой номларининг эскича аташ давом этмоқда. 

Мисол учун, "Дамариқ деҳқон бозори" халқ орасида “ДСК” (шу бозор яқинида бир вақтлар мавжуд бўлган уй қуриш комбинати) номи билан, Абулқосим Фирдавсий кўчаси “Шаумияна” (Кавказда большевистик режимни ёйиш ишларига бош бўлган Степан Шаумияна), Даҳбед кўчаси “Дагбидская”, Регистон кўчаси “Зоологическая”, Буюк ипак йўли кўчаси “Микрорайон”, Садриддин Айний кўчаси ва Панжакент кўчалари кесишмасидаги ҳудудлар “Овощной база”, Рудакий кўчаси “Титова”, Мир Саид Барака кўчаси “Некрасова”, Беруний кўчаси “Октябрский”, Амир Темур кўчаси “Фрунзе” деб аталиб келинмоқда.

Кўплаб кўчаларга тарихимизда муҳим ўрин тутган юрт фидоийларининг номлари берилган, бироқ уларни ким бўлганликларини тан олишимиз керак, кўпчилик билмайди ва жой номи эскича атайверади. Масалан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур кўчаси Самарқанд вилояти ҳокимининг 89-Қ-сонли қарори билан 1992 йилдан буён шу ном билан аталиб келинмоқда. Бироқ ушбу кўчада унинг ҳайкали ёки ёдгорлиги ўрнатилмаган. Бундай ҳолатни академик Юнус Ражабий, Ботир Зокиров, Ҳоди Зариф, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Қодирий, Абдуллахон II ибн Искандар, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон, Абдураззоқ Самарқандий, Абдурауф Фитрат, Абдухолиқ Ғиждувоний, Абу Али ибн Сино, Абу Бакр ар-Розий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Тоҳирхожа Самарқандий, Авесто ва бошқа кўчаларда ҳам кўриш мумкин. Албатта, уларнинг ҳар бирига ҳайкал ўрнатиш катта маблағ талаб қилади. Бироқ, мазкур шахслар ҳақида ўша кўча ёки маҳалладаги хиёбон ёки маҳалла марказларида ёдгорлик ёки улар ҳақидаги маълумот ёзилган лавҳа ўрнатиш мумкин. 

Бу вилоятимиз кўчалари ва маҳаллаларининг янги номини ҳалқ онгига сингдиришгагина эмас, ватанимиз тарихида муҳим ўрин тутган шахслар ҳақида ўсиб келаётган ёш авлодга маълумот бериш, уларнинг қалбида миллий ғурур ва ифтихор уйғотишга хизмат қилади. 

Маҳмудхон ЮНУСОВ,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи