Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 150,6 гектар ер майдонларини асл эгасига қайтариш чоралари кўрилди
Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Кадастр агентлигига бир қатор вазифа ва ваколатлар берилган.
Жумладан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда давлат кадастрларини юритиш тартибини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар фақат Кадастр агентлиги органлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланган.
– Жорий йилнинг январь-феврал ойларида ер муносабатлари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ўтказилган ўрганишларда 411 ҳолатда 150,62 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ва ер қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди, – дейди Кадастр агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар бўйича бош мутахассиси Азиз Ҳаитов. – Ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан агентликнинг туман бўлимлари томонидан ер қонун бузилишини содир этган шахсларга берилган тушунтириш ва ёзма кўрсатмалар натижасида 136 ҳолатда 42,93 гектар ер қонунбузилиш ҳолатлари ихтиёрий бартараф этилиб, дастлабки ҳолатига қайтарилиши таъминланди. Аммо ихтиёрий бартараф этилмаган 90 та қонунбузилиш ҳолати (13,79 гектар ер) бўйича суд идораларига ноқонуний қурилмани буздириш ва эгалланган ер майдонини қайтариш юзасидан даъво аризалар киритилди. 35 ҳолат бўйича прокуратура органларига маълумотлар тақдим этилди.
Бундан ташқари, агентлик вилоят бошқармаси туман, шаҳар бўлимлари томонидан йилнинг дастлабки икки ойида жами 466 ҳолатда ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ҳужжатлар тузилиб, шундан 223 ҳолатда маъмурий жазо чораси қўлланилган. Ушбу ҳолатлар бўйича қўлланилган жарималар умумий суммаси 6 миллиард 47 миллион сўмни ташкил этиб, 343,2 миллион сўми ихтиёрий тўланган. 11 ҳолат бўйича 378 миллион сўмлик жарималарни ундиришга оид ишлар Мажбурий ижро бюросига юборилган.