Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди

Самарқанд вилояти маъмурий судининг қарори билан фуқаро А.А. томонидан Оқдарё тумани маъмурий судининг ҳал қилув қарорига нисбатан келтирилган апелляция тартибидаги шикоят қаноатлантирилмасдан, ҳал қилув қарори эса ўзгартирилмасдан қолдирилди.

Аниқланишича, Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори билан фуқаро А.А.га, Самарқанд шаҳрининг кўчаларидан бирида жойлашган турар жойи бузилишга тушганлиги сабабли унинг ўрнига Оқдарё туманидаги Р.Ҳамроев номли турар-жой масканидан якка тартибда турар-жой қуриш учун 0,06 гектар ер майдони товон тариқасида ажратиб берилган. Бироқ, фуқаро А.А. ушбу ажратиб берилган ер майдонига янги турар-жой биносини қурмасдан, Самарқанд шаҳрининг бошқа ҳудудидаги очиқ ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ўша жойда қурилиш ишларини олиб борган ҳамда суддан ушбу қурилган уй-жойига нисбатан эгалик ҳуқуқини тиклаш мажбуриятини шаҳар ҳокимлиги зиммасига юклашни сўраган. Оқдарё тумани маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан аризачининг шикояти рад қилинган ва у вилоят маъмурий судига, суднинг ушбу ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда аризасини қаноатлантириб, янги мазмунда қарор қабул қилишни сўраган.

Вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясида мазкур иш бўйича барча ҳақиқий ҳолатлар ҳар томонлама ва тўлиқ аниқланиб, аризачининг апелляция шикояти рад қилинди ва биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек, иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади. Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди.

Акмал Алимов,

Самарқанд вилоят маъмурий судининг судьяси.