Мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик акция яна давом эттирилади(ми?)

Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, Самарқанд вилоятида жами 845 минг 888 та кўчмас мулк объектлари мавжуд ва уларнинг 804 минг 372 тасини турар жой ва 42 минг 014 таси нотурар жой объектлари ҳисобланади. Шундан, 517 минг 232 тасининг (61 фоизи) кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, 294 минг 146 таси давлат рўйхатидан ўтказилган, 328 минг 656 таси (39 фоизи)нинг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас.

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида Ер ресурслари, кадастр идоралари, “Ўздавлойиҳа” институти вилоят бўлими, Самарқанд “Аэрогеодезия” корхонаси раҳбарлари маълумот беришди.

Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан жорий йил 1 октябрдан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини назарда тутувчи қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатлар Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кучга киради. Бу эса жойларда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 45,8 мингдан ортиқ, кадастр паспорти тайёрлаш юзасидан 19,2 мингдан зиёд мурожаат тушган.

- Фуқароларни қизиқтирган энг муҳим мавзулардан бири, албатта якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдонлари ажратиш билан боғлиқ бўлмоқда, - дейди вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Фозил Худойқулов. – Бундай мурожаатларнинг кўпайиши табиий ва бизда ер ресурслари чекланганлиги туфайли эндиликда ерлар фақат аукцион орқали берилади. Ҳозирда вилоят бўйича 700 дан ортиқ уй-жой қуриш учун муҳокамада келишилган ер участкалари аукционга чиқарилган. Шундан 286 та ер майдони савдога чиқарилди, рад этилганлари ҳам кузатилди. 213 та ер майдони очиқ савдода сотилди ва ҳозирда 67 та ер участкаси бўйича савдолар ўтказилади.

Яна бир муҳим масала, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси юзасидан мурожаатлар билан қизиқишмоқда. Акция доирасида вилоят бўйича 85 630 та мурожаат тушди ва 40,7 минг мурожаат ижобий ҳал этилди, 27,2 минг ариза рад қилинди. Афсуски, акция доирасида туман, шаҳар ҳокимларининг қарори чиқарилган бўлса-да, 14 минг 635 фуқаро томонидан бир марталик йиғим тўлашни пайсалга солинмоқда. Ваҳоланки, тўловлар акция муддати тугагунча, яъни 2019 йил 1 майгача тўланиши лозим эди. Бунинг натижасида мулк ҳуқуқи эътироф этилмасдан қолмоқда ва яна бир муҳим масала бундай акцияни давом эттириш кўзда тутилмаган.

Эндиликда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдонлари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги “Ер участкалари бериш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилишнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низом асосида аукцион орқали ёки аукционсиз ажратилади.