Турмушни ҳикояга айлантирган ижодкор

Пастдарғомлик таниқли журнаилист Тоғаймурод Шомуродов 80 ёшини қаршилади.
Фахрий ижодкор меҳнат фаолиятини механизаторликдан бошлаган бўлса-да, публицистика, бадиий адабиётда ўз ўрнига эга ижодкор сифатида танилди, элда обрў-эътибор топди.
Устоз журналистнинг ижтимоий ҳаёт ҳодисалари маҳорат билан ёритилган мақолалари аввалига туман, кейинчалик вилоят газетаси саҳифаларига мазмун бағишлади. Воқеалар тасвири, турли образлар руҳияти сингдирилган салмоқли ҳикоялари “Жоннинг ҳузури”, “Хотинидан қўрқмайдиган одам”, “Замин фарзанди”, “Осмон қулаган кун”, “Мунгли кўзлар” каби китоблар чоп этилишига замин ҳозирлади.
Салкам 40 йил "Зарафшон" газетаси таҳририятида ишлаган фахрий журналист, “Дўстлик” ордени соҳиби Т.Шомуродов бугун ўзининг 80 ёшини қаршиламоқда.
Устозни ушбу қутлуғ сана билан табриклаб, ижодидан намуна ҳавола қиламиз.
***
Йўқолган ҳаловат
Эри кундош олиб келса ҳам Собира бунчалик куйинмасди. Егани олдида, емагани ортида, тинчгина яшаётганди. Малик ишдан чарчаб келса-да, ўғилчасини елкасига опичлаб ўйнатар, Собирага меҳр билан боқиб, овқатини мақтаб-мақтаб ер, эр-хотин бир-бирига хумор билан қараб, ширингина суҳбатлашиб ўтирарди.
Энди ўша бахтиёр кунлар қани? Хотини ҳам, ўғли ҳам Маликнинг эсига келмайди. Машина олди-ю, эс-ҳуши ўшанда бўлиб қолди.
- Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим, шу машинани деб рўзғордан қут-барака, файз кетди. Эрта-ю кеч ордона билан оворасиз. На бир сўм пул, на тишга босадиган бирор егулик қолмади. Топганингиз ўша арзандага кетяпти. Ҳали видеомагнитофон ўрнатасизми, ҳали ўриндиғини алмаштирасизми, ҳали ойнасини қорайтириб, ичини чимилдиқдек безаганингизга ўлайми? Уларга яна бир машинанинг пули кетди-ёв!..
Машинани ҳафсала билан юваётган Малик жавраб, сигир соғишга кетаётган Собирага “Сен нимани тушунардинг”, дегандай ёвқараш қилди-да, машинага ўтириб, магнитофонни варанглатиб қўйди. Ҳузур қилиб керишди-да, рулни у ёқ-бу ёққа буриб, мамнун илжайди: “Тойчоқгинамдан айланай, машинамисан машина, нақд келинчак”…
Малик ишдан қайтса, дарвоза ланг очиқ. Ҳайрон бўлди.
- Собира! Азаматжон! Ҳой, қаердасизлар?
Йўқ, садо чиқмади. Хонага кўз югуртирди. Ҳамма нарса жойида. “Э, буларга бир гап бўлдими ё қўшниларникига чиқишдимикан? Нима бўлганда ҳам дарвоза-эшикларни очиқ-сочиқ қолдирмасди”. Кўзи хонтахта устидаги вараққа тушди. “Хатми?”. Олиб, кўз югуртирди. “Малик ака, бундай хорликда яшай олмайман. Машинангиз билан яшайверинг, биз кетдик. Ортимиздан бориб юрманг. Собира”.
Оббо, Малик неча йиллар орзу қилиб олган машинаси хотини билан ўртасига раҳна солади, деб ўйламаганди. Бир зум эсанкираб турди. Бориб, ялиниб-ёлвориб олиб келмаса бўлмайди…
Тоғаймурод Шомуродов.